Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
а) Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлигини судгача кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом;
б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Апелляция кенгашининг намунавий таркиби;
в) Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузуридаги Апелляция кенгашининг намунавий таркиби тасдиқланди.
Апелляция кенгашлари Вақтинчалик низомда назарда тутилган давлат хизматлари юзасидан қабул қилинган маъмурий ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини судгача кўриб чиқувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган коллегиал органлар ҳисобланади.
Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси тегишлилигига кўра апелляция кенгашларининг ишчи органлари ҳисобланади.
Апелляция кенгашлари маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқиш орқали уларни қисман ёки тўлиқ бекор қилиш, шунингдек, маъмурий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича маъмурий органга мажбурият юклаш ҳақида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга.
Апелляция кенгашлари ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади.
Апелляция кенгашларининг қарорлари қонунчиликда белгиланган тартибда "E-qaror" электрон тизимига жойлаштириб борилади.
Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармасига апелляция кенгашлари томонидан шикоятларни ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларини кўриб чиқиш жараёнида мутахассис ва экспертларни жалб қилиш ва улар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида"ги ПФ-80-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июлга қадар хуцуций эксперимент тариқасида:
а) Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилиши;
б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида апелляция кенгашлари ташкил этилиши;
в) маъмурий органларнинг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган маъмурий ҳужжатларини апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш манфаатдор шахсларнинг шикоятлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларига кўра амалга оширилиши;
г) апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги, маъмурий органлар учун эса мазкур қарорлар қатъий ҳисобланиши ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган эди.
ЎзА