Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс: жарималар енгиллаштирилиши, европротокол ва бошқа ўзгаришлар...
10:42 / 2021-03-10

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича Йўл харитасининг 56-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Хўш, мазкур Кодекс лойиҳаси амалдаги МЖтКдан қандай жиҳатлари билан фарқланади?
Авваламбор, Кодекс билан тартибга солинган муносабатлар доирасидан келиб чиқиб, Кодекс номи Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс (кейинги ўринларда – МҲтК) деб номланмоқда. Шунингдек, қуйидаги асосий ўзгартиришлар назарда тутилган:
 

МАЪМУРИЙ ЖАЗОЛАР ТИЗИМИДА...


МҲтК лойиҳасида маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштириш ҳамда коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида жарималар миқдорининг муқобил вариантидан воз кечилган ҳамда улар қатъий кўринишга келтирилган, бунда модда санкцияларида белгиланган жарималарнинг энг кам миқдори асос қилиб олинган.
Яъни, амалдаги МЖтКда муайян маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори «базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади» деб белгиланган бўлса, лойиҳада ушбу жарима миқдори «базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади» деб белгилаб қўйилмоқда.


Бундай ўзгартириш белгиланган жарима миқдорларини пасайтириш орқали жазоларни либераллаштириш мақсадини кўзлайди. Шу орқали жарима миқдорлари қатъий шаклда тайинланиб, жариманинг энг юқори миқдори қўлланилишида юз бериши мумкин бўлган коррупция ҳолатларини олдини олади.


Жарима миқдорларини қатъий кўринишда белгилашга қаратилган ўзгартириш хорижий давлатлар, жумладан, Қозоғистон тажрибасида ҳам мавжуд бўлиб, жарима миқдорини жазо қўлловчи орган ихтиёрида қолдирмасликни назарда тутади.


Шунингдек, жарималар миқдори жазоларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, либераллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилган.


МҲтКга киритилган жарима билан боғлиқ асосий ўзгартиришлардан яна бири ҳуқуқбузарликнинг такрор содир этилишини олдини олишга қаратилган механизмдир. Яъни, лойиҳа билан маъмурий ҳуқуқбузарликларни такрор содир этилишини олдини олиш, такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида такрорий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи умумий қоида ўрнатилмоқда.
Қисқача айтадиган бўлсак, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бир йил ичида такрор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаса, жаримани юқорида келтирилган қатъий шаклда тўлайди. Бироқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо қўлланилганидан кейин ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда, ҳуқуқбузар санкцияда назарда тутилган жарима миқдорининг икки бараварини тўлайди. Ушбу қоида жарима миқдори алоҳида белгиланган ҳолларга ҳамда бошқа жазо турларига нисбатан қўлланилмайди.


Маъмурий жазо тизимидаги ўзгаришлардан яна бири жамоат ишлари жазосини киритилишидир.


Маълумот учун: Ушбу жазо тури Украина (МҲТКнинг 83-моддаси), Озарбайжон Республикаси (МҲТКнинг 28-моддаси) қонунчилигида белгиланган.


Маълумки, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий фойдали меҳнат билан банд бўлмаган, вақтинча ишсиз бўлган шахслар томонидан нисбатан кўпроқ содир этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилиши унинг моддий жиҳатдан янада қийин аҳволга солиши (у оилада ягона боқувчи бўлиши мумкин.), бу эса ўз навбатида, оғир оилавий шароитни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, жарима жазосини ижросини таъминлашда қатор муаммолар ҳам юзага келади.


Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, суд ушбу ҳолатда ҳуқуқбузарнинг оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитларини ўрганиб чиқиб, жарима жазосини ундириш имконияти мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, мазкур жазо турини тайинлаш ваколатига эга бўлади.Хабарнома бланкаси расмийлаштирилиши муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш тартибини белгилаш (Европротокол) лойиҳада фуқаролар учун кўзда тутилган муҳим қўшимчалардан биридир.


Бизга маълумки, шахс томонидан амалдаги МЖтКнинг 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) ёки 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, ушбу йўл-транспорт ҳодисалари ўрнатилган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилади.


Мазкур қоида йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маъмурий иш юритиш олиб борилишига ва ишни суд тартибида кўриб чиқилишига асос бўлади. Бироқ, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш билан якунланадиган ушбу процессуал тартиблар фуқаролар учун ортиқча оворагарчилик ва қўшимча вақт ва харажатларни келтириб чиқаради.


Лойиҳада эса бу масалани тез ва самарали ҳал қилиш механизми назарда тутилмоқда. Яъни, хабарнома бланкасини расмийлаштириш (Евротротокол) орқали йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларининг келишувга эришиши ва келтирилган зарар суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплаб берилишидир. Натижада ҳуқуқбузарлик содир қилган шахс маъмурий жавобгарликдан хабарнома бланкаси расмийлаштириш орқали озод этилади.


Маълумот ўрнида: Европротокол Россия (2009 йилдан), Беларусь (2010 йилдан), Украина (2011 йилдан), Франция, Бельгия (1972 йилдан) давлатлари тажрибаларида хам мавжуд.
Бошқача қилиб айтганда, европротокол деганда, суғурта тўловларини олиш учун йўл-транспорт ҳодисаларини ваколатли орган ходими иштирокисиз расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби тушунилиши керак.


Бироқ, европротокол барча йўл-транспорт ҳодисаларига нисбатан қўлланилмайди. Европротоколни расмийлаштириш учун йўл ҳаракати қатнашчилари соғлиғи ва ҳаётига, жамоат мулкига зарар етмаган, ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинган ва улар ўзаро келишувга эришган бўлиши лозим.


МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР...

Лойиҳада амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган ёхуд интизомий жавобгарликка сабаб бўладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни чиқариб ташлаш (масалан, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш (100-модда), транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш (141-модда), шартнома интизомини бузиш (1761-модда), фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши (1841-модда), нотариал ҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этиш (1931-модда) ва бошқалар) назарда тутилган.


Шунингдек, Ўзбекистон томонидан халқаро стандартларни ва халқаро ташкилотларнинг тавсияларини имлементация қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида лойиҳадан коррупция билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни чиқариб ташлаш ва уни Жиноят кодексида акс эттириш белгиланмоқда.


Хусусан, уларга нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (611-модда), давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (1931-модда), шунингдек, унинг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (1932-модда) каби ҳуқуқбузарликлар мисол бўлади.


Маълумот ўрнида: ИҲТТ томонидан 2019 йилнинг март ойида Ўзбекистонда Истанбул ҳаракатлар режасининг 4-раунд мониторинг натижалари бўйича берилган 30-сонли тавсияда пора билан боғлиқ барча қилмишлар, шу жумладан МЖтКда акс эттирилганлари ЖК билан қамраб олиниши кераклиги қайд этилган.Кодекс лойиҳасига маъмурий ҳуқуқбузарликка сабаб бўлувчи янги ҳуқуқбузарлик турлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузиш, мажбурий энергетик текширувлар ва экспертизалар ўтказмаганлик, наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик каби ҳуқуқбузарликлар киритилмоқда.


Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибида
Жазолар тизимига киритилаётган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, лойиҳада судлар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар турлари камайтирилди ҳамда маъмурий жавобгарликка тортишга ваколатли бўлган органлар тоифаси кенгайтирилмоқда.


Шунингдек, жабрланувчининг аризасига асосан иш юритишни бошлаш ва тугатиш тартибини жорий қилиш назарда тутилган. Яъни, муайян ҳуқуқбузарлик турлари (масалан, ҳақорат, туҳмат) бўйича жабрланувчи аризаси мавжуд бўлгандагина, маъмурий иш юритиш бошланиши мумкин. Ўз навбатида, жабрланувчи аризасини қайтариб олиши иш юритишни тугатишга асос бўлади.


Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатига эга бўлган органлар (мансабдор шахслар) рўйхати белгилаб қўйилмоқда. Мазкур тартиб хорижий давлатлар, хусусан, Россия Федерацияси МҲТКнинг 28.3-моддасида, Қозоғистон МҲТКнинг 804-моддасида мавжуд бўлиб, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқланишига, латент ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига имкон беради.


МҲТК лойиҳасида соддалаштирилган тартибда иш юритиш тартиби ҳам жорий этилган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтда, ҳуқуқбузар иштирокида баённома тузиш ваколатига эга бўлган шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун электрон тизим ўрнатилган қурилмалар ёрдамида жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилишдан иборат бўлади.


Соддалаштирилган тартибда ишни кўришга шахс ҳуқуқбузарлик фактини тан олиши ҳамда ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун розилиги талаб қилинади. Иш соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилганда, ҳуқуқбузарга нисбатан ушбу Кодекснинг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жариманинг 85 фоизи миқдорида жазо тайинланади.


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят (протест) беришга оид қоидаларда қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилган:


• Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протест) бериш институтини жорий қилиш;
• Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан кассация шикояти (протести) бериш институтини такомиллаштириш;
• Назорат инстанциясида иш юритиш институтини бекор қилиш.


Таклиф этилаётган Кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан иш юритиш тизими такомиллаштирилиб, мазкур иш юритиш тизимидаги ортиқча тартиб-таомиллар бекор қилинади, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жазога тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят бериш тизими такомиллаштирилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича коррупциявий омилларни бартараф этишга эришилади.



Адиба Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими