Навоий шаҳридаги Маданият ва маърифат марказида вилоят суди томонидан “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш бўйича суд амалиёти таҳлили” мавзусида ИИБнинг профилактика инспекторлари билан учрашув ўтказилди.
Вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлигини таъкидлади.

Ушбу конституцион меъёрдан келиб чиққан ҳолда шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича қонунларни тўғри қўллаш лозим.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари иш юритувига 26 минг 342 нафар шахсга нисбатан 21 минг 899 та маъмурий иш келиб тушган. Суриштирув органи томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кейинчалик суд томонидан ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли тугатилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 37 тага ёки 21,8 фоизга, шахслар сони эса 79 тага ёки 58 фоизга ошган.

Шунингдек, маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жавобгарликдан озод қилинган ҳуқуқбузарлар сони 301 тани ташкил этган.
– Судларга электрон тартибда келиб тушган маъмурий ишларга оид маълумотлар тўлиқ бўлмаганлиги ёки нотўғри киритилганлиги сабабли маъмурий ишларнинг қайтарилиш ҳолатлари ҳам мавжуд, – дейди вилоят суди судъяси Б.Имомов. – Жумладан, жорий йил 9 ойи давомида жами 26 минг 982 нафар шахсга нисбатан 23 минг 193 та маъмурий иш рўйхатга олинмасдан қайтарилган. Шундан 12 минг 480 нафар шахсга нисбатан 8 минг 850 та ёки 38,1 фоизи ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган ишлар ҳисобланади. Ушбу маъмурий ишлар ҳуқуқбузарнинг шахсига ва ҳуқуқбузарлик содир этилган жойига оид маълумот мавжуд эмаслиги, маъмурий ишларга оид маълумотлар электрон шаклда юборилгандан кейин уларнинг қоғоз шакли бир сутка ичида тақдим этилмаганлиги, маъмурий иш мазкур судга тегишли эмаслиги, ҳуқуқбузарнинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмаслиги сабабли қайтарилган.

– Учрашувда судьялар томонидан терговга қадар текширув ва суриштирув органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш давомида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди, – дейди Навоий шаҳар Ички ишлар бошқармаси профилактика катта инспектори, подполковник Мирмуҳсин Нормуҳаммедов.
– Жумладан, иш бўйича олиб қўйилган ашёларнинг яроқли ёки яроқсизлигини текшириш, уларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида тегишли экспертиза тайинланмаслиги ва хулосаси олиниб ишга қўшилмаслиги, маъмурий иш ҳужжатларида олиб қўйилган ашёвий далилларнинг қаерда сақланаётганлиги тўғрисида тасдиқловчи маълумотлар илова қилининмаслиги ҳам камчиликлардан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, маъмурий баённома расмийлаштирилган шахсга баённома нусхаси берилиб, баённома, экспертиза тайинлаш қарори, хулосаси, иш ҳужжатлари билан таништирилиши лозим эканлиги айтиб ўтилди.

Учрашув сўнггида ИИБ профилактика инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида доимий дарс машғулотлари ўтказилиб, маъмурий ишларни расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан судлар томонидан киритилган тақдимномалар, ишларни қўшимча суриштирувга қайтариш ҳақидаги суд ажримларини ходимларнинг эътиборига етказиш борасида тушунтиришлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири