Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс жабрланувчи билан ярашса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкинми?
14:02 / 2021-11-28

Юридик клиника

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин. Бунда ҳуқуқбузар жавобгарликдан озод этилган тақдирда унга нисбатан иш юритиш тугатилади.  

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги 2021 йил 4 октябрдаги Қонунига кўра айрим тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича шахсни ярашув асосида маъмурий жавобгарликдан озод этиш тартиби белгиланди.  

Унга кўра, 12 тоифада, жумладан, туҳмат, ҳақорат қилиш, фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, енгил тан жароҳати етказиш, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши, майда безорилик ҳамда ўзбошимчаликка маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун ярашув асосида маъмурий жавобгарликдан озод қилиш белгиланди.  

Бироқ ҳуқуқбузар шахсни ярашув асосида маъмурий жавобгарликдан озод қилиш учун бир нечта шарт бажарилиши лозим.  

Биринчидан, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ҳамда етказилган зарарни бартараф этса маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Шу билан бирга, юқорида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни бир йил ичида такроран содир этган шахслар ярашув асосида маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин эмас.  

Иккинчидан, ярашув тўғрисида иш юритиш масаласини қўзғатиш ҳуқуқига қонунда белгиланган тартибда жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили эгадир. Бунда жабрланувчи ёки унинг қонуний вакилидан бошқа шахслар, жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг ярашув тўғрисидаги аризасига асосан ишни тугатишга йўл қўйилмайди.  

Учинчидан, ишда бир нечта (икки ёки ундан ортиқ) жабрланувчилар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда ҳам ярашувга йўл қўйилиши мумкин. Фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган бўлиши лозим.  

Жабрланувчиларнинг ҳатто бирортасидан тегишли ариза бўлмаган ҳолларда ҳам ярашув тўғрисида иш юритиш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда иш юритиш умумий асосларда олиб борилади.  

Тўртинчидан, ярашув тўғрисида ариза бериш ёки аризадан воз кечиш муайян муддат билан чегаралаб қўйилган. Ариза иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар берилиши мумкин.  

Бешинчидан, ярашув тўғрисидаги ариза ҳар доим ёзма шаклда тақдим этилади. Унда жиноят натижасида етказилган зарар бартараф этилганлиги (жабрланувчининг зарардан воз кечганлиги) ва ярашилганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимос кўрсатилган бўлиши лозим.  

Олтинчидан, ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли органлар ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни жабрланувчига тушунтириши шарт. Яъни, агар иш бўйича ярашув амалга оширилган тақдирда кейинчалик иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш мумкин эмас.  

Хорижий мамлакатлар, жумладан, Франция, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчилигида ҳам ярашув асосида жавобгарликдан озод қилиш амалиёти мавжуд. Беларусь Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 8-бобида маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асосларидан бири сифатида (еттита ҳолат мавжуд) ярашув институтини қўллаш тартиби белгилаб қўйилган. Қозоғистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 8-бобида маъмурий жавобгарлик ва маъмурий жазодан озод қилишнинг тўртта тури келтириб ўтилган.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда ярашув институтининг жорий этилиши маъмурий ҳуқуқбузарликлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда либераллаштириш, иш бўйича қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишга хизмат қилади.  

С. Махмудов,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси