Мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс
Буларнинг барчаси охир-оқибат мамлакат фаровонлиги, халқнинг розилиги, тарихий ислоҳотларнинг ортга қайтмас ва муқаррарлиги тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугун жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини, уларнинг муайян қатламини ўйлантираётган, ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс.
Президентимиз 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласи илгари сурилди.
Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципларини амалда тўла рўёбга чиқаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббуси илк бора илгари сурилди ва қизғин кутиб олинди.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, унга ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш, ривожланишнинг янги босқичига кўтаришга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам, фуқаро-жамоат ташкилотлари–давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олишга қаратилган.
Ўз ўрнида Жамоатчилик палатаси иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустақил институт бўлиб, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги конструктив мулоқот ўрнатувчи ташкилот эканлигини таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда ривожланиб бораётган демократик мамлакатларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг мавжудлиги реалликка айланган. Улар ижтимоий юкни тенг тақсимлаб, давлат ҳаётининг ортиқча зўриқишларсиз давом этишига самарали хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, айни вақтда мамлакатимизда 10 000 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд бўлсада, уларнинг аксарияти жамият ҳаётида нафақат ўз ўрнига эга эмас, балки овози ҳам чиқмайди, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтгани куйи қоғозларда номи қолган холос.
Эндиликда, Жамоатчилик палатаси ана шу ташкилотларнинг ишини ҳам нафақат мувофиқлаштиради, балки оқсаса, тиргак бўлади, фаолиятига кўмакдош ва маслаҳатчи бўлади. Бу институт фуқаролик жамиятининг яхлит миллий тизимида марказий бўғинга айланишига ишониб турибмиз.
Ўз навбатида, жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси учун ҳам Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши узоқ кутилган бир воқелик бўлди.
«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасида жамоатчилик назоратининг объектлари сифатида «Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг» фаолияти назарда тутилган. Бироқ истеъмолчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қиладиган хўжалик бошқаруви органларининг фаолияти объект доирасига киритилмаган.
Ваҳоланки, “Uzbekistan Airways”, «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго» ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари ва шу каби хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини амалга оширилиши бугунги кунда нафақат муҳим, балки зарурдир.
Шу нуқтаи назардан, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини амалга ошириши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш, ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлигини доимий мониторинг ва жамоат назоратини амалга ошириш биргина ташкилот учун оғирлик қилмоқда.
Аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга доир маърифий ишларни олиб бориш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишда давлат бошқаруви, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, назорат қилувчи органлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик жуда зарур.
Шу маънода юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашгача бўлган ўзаро ҳамкорлик учун платформа ниҳоятда катта.
Ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш бўйича уларнинг фаолияти ҳам жамоатчилик назорати объекти бўла олинишини назарда тутиб, ҳозирданоқ Жамоатчилик палатаси билан жуда яқин ва тиғиз ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни кўзда тутяпмиз.
Жамоатчилик парламенти аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган ва ечимини топмаётган тизимли муаммолар ечимлари юзасидан таклифларни давлат ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга етказиш учун қулай ахборот майдони бўлиб хизмат қилишини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Бу бир томондан барча муаммо давлат зиммасида қабилида нотўғри қараш шаклланишининг олдини олса, бошқа томондан фуқаролик институтларини давлат ҳокимият органларининг қарорларига қудратли таъсир этиш имкониятини кенгайтиради.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ижро ҳокимияти учун жамоат ташкилотлари жиддий ва тенг ҳуқуқли, шу билан бирга ҳурматга лойиқ ҳамкор сифатида намоён бўлади. Натижада давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва мукаммал бажарилиши механизми такомиллашиб, жамоатчиликни янги ташаббуслар ва таклифларга ундайди.
Буларнинг барчаси охир-оқибат мамлакат фаровонлиги, халқнинг розилиги, тарихий ислоҳотларнинг ортга қайтмас ва муқаррарлиги тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси