Фарғона шаҳрида жойлашган Само спорт мажмуасида катталар ёш тоифасида самбо ва жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган маҳоратли самбочилар ғолиблик учун беллашмоқда.
Мазкур мусобақа мамлакатимизда самбо спорт турини янада оммалаштириш, миллий терма жамоа сафига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда йил давомида ўтказиладиган халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилди. Шу жиҳатдан чемпионат муҳим саралаш босқичи вазифасини ҳам бажармоқда.

14 февраль кунига қадар давом этадиган мусобақанинг илк куниёқ бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Самбо йўналишида С.Олимжонов, И.Пармонов, И.Агажанова ҳамда С.Исроилава ўз вазн тоифаларида олтин медалга сазовор бўлди. Жанговар самбо баҳсларида эса И.Носиров, А.Қудратов, М.Аралова ва М.Абдуллаевага тенг келадиган рақиб топилмади.
Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими кўтаринки руҳда ташкил этилди. Тадбир доирасида соҳа мутасаддилари самбо спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимиз самбо ассоциацияси раҳбарияти илк ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлади.
Мусобақа давомида яна қатор вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилиб, мамлакатнинг энг кучли самбочилари номи аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА