Мамлакатнинг энг кучли дзюдочилари Ўзбекистон чемпионатида беллашмоқда
Бухоро шаҳридаги "Универсал" спорт саройида дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида навбатдаги ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Мусобақанинг иккинчи куни эркаклар -73, -81, аёллар эса -63, -70 кг. вазн тоифаларида баҳсларга киришди.
Аёллар ўртасида ўтказилган беллашувларнинг -63 кг. вазн тоифасида Нигина Сапарбоева сўнгги ҳал қилувчи финал босқичида Севинч Исоқова устидан зафар қучди. Ушбу вазндаги бронза медаллари самарқандлик Сарвиноз Ҳусанова ҳамда Маржона Нуруллоевага насиб этди. -70 кг. вазн тоифасида эса Хуршида Раззоқбердиева, Ширинжон Йўлдошева, Фарангиз Ҳожиева ва Интизор Узоқбоева шоҳсупага кўтарилди.

Кескин ва муросасиз ўтган эркаклар ўртасидаги беллашувларда сирдарёлик Элбек Тожиев ва навоийлик Зулфиддин Усмонов ўз вазн тоифаларида олтин медалга эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА