Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалар қўмитасида Озарбайжон Республикаси мустақиллиги муносабати билан “Мамлакатлар мустақиллиги – эркин ҳаёт гарови” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Қўмита ва Республика Озарбайжон маданият маркази билан ҳамкорликда гибрид форматда ўтказилган тадбирда Озарбайжон Республикаси диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов, “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти директори Эркин Нуриддинов, шунингдек, республикада фаолият олиб бораётган Миллий маданий марказлар вакиллари, дипломатик корпус ходимлари иштирок этди.
Дастурга кўра, қўмита фойесида Озарбайжон халқ-амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Шундан сўнг, қўмита раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда юртимизда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Жумладан, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятга ҳурмат руҳида тарбиялаш, фуқаролар тотувлиги ва барқарорлигини таъминлаш, миллий маданий марказ ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр билдирилди.
Анжуманда Озарбайжон Республикаси диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов, Туркиянинг диаспора ва қардошлик алоқалари бўйича қўмита раиси Абдулла Эренлар ҳам сўзга чиқиб, Озарбайжон Республикаси бугунги кунда дунёнинг илғор ва замонавий мамлакатлари қаторидан ўрин олганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу қаторда, турли миллат ва элат вакилларига ўзларининг миллий урф-одати, маданияти, санъати ва тилларини ўрганиб, тарғиб қилишга мамлакатимизда кенг имконият яратилганини эътироф этишди ва республикамиз раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Маданий-маърифий тадбирда ўзбек ва озарбайжон халқларини кўп асрлик адабий ришталар боғлаб туриши қайд этилди. Буюк Низомий Ганжавийнинг асарлари ўрта асрлардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилинган. Жумладан, 14-асрнинг биринчи ярмида Қутбиддин Хоразмий озар адибининг “Хисрав ва Ширин” асарини ўзбек тилига кўчирган. Низомийнинг беш достонидан илҳомланган буюк Алишер Навоий ўзининг ўлмас “Хамса”сини яратди. Хайдар Хоразмий 15-асрда Низомийнинг “Махзай ул асрор” асарини, 19-асрда эса Огаҳий унинг “Хафт пайкар” асарини ўзбек тилига ўгирган.
Шунингдек, иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон давлат хореография академияси талабалари, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари, озарбайжон, уйғур, қирғиз ва турк миллий маданий марказлари бадиий жамоалари томонидан тайёрланган чиқишлар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият улашди.
Б.Худойбердиев, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА