Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, яшаш даражаси ва фаровонлиги, қишлоқ хўжалиги ҳолати, таркиби ҳамда юртдошларимизни ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш истиқболларини баҳолаш тизимини яратиш учун зарур маълумотлар базаларини шакллантириш мақсадида шу йилнинг 15 январидан 28 февралигача мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмоқда.
Одатда, аксарият ривожланган давлатларда аҳоли ҳар ўн йилда бир марта рўйхатдан ўтказилади. Бу тадбир мамлакатнинг демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларини йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш ва таҳлил қилиш, қолаверса, келгуси ривожланиш прогнозларини белгилаб олиш учун муҳим ҳисобланади.
Мамлакатимизда эса сўнгги бор аҳолини умуммиллий рўйхатга олиш тадбири 1989 йилда ўтказилган. Шундан кейин бундай кенг кўламдаги рўйхатга олиш амалга оширилмаган. 2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида қисман рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилди. Тўлақонли рўйхатга олишни ташкил этиш учун халқаро тажриба ўрганилди, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, ҳуқуқий асос яратилди. Хусусан, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунда аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланди.
2025 йил 19 сентябрь куни эса давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонни имзолади ва бу умуммиллий тадбирни 2026 йилнинг 15 январь – 28 февраль кунлари икки босқичда ўтказиш белгиланди.
Бунгача эса бутун мамлакатимизда жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди, рўйхатга олишда бевосита қатнашадиган маҳалла еттилиги аъзолари ўқитилди, махсус платформа яратилди.
Самарқанд вилоятида ҳам бу муҳим тадбирга жиддий тайёргарлик кўрилган ҳолатда айни пайтда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг биринчи босқичи давом этмоқда.
– Рўйхатга олий жараёни икки босқичда ташкил этилиши белгиланган бўлиб, дастлабки босқичда 15 январдан 1 февралга қадар фуқароларнинг ўзи census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтмоқда, – дейди Самарқанд вилоят статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Музроб Салимов. – 1-28 февраль кунлари ўтказиладиган иккинчи босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб, маълумот тўплайди ва саволномани тўлдиради. Биринчи босқич бошланганидан буён шу кунгача (21 январга қадар), олти кунда вилоятимиз бўйича 46 фоиз хонадон рўйхатдан ўтказилди. Бу жуда яхши кўрсаткич ва биз бунинг сифатини кўриб чиқиш имкониятига эгамиз. Айтиш мумкинки, бундай фаоллик рўйхатга олиш бошланишидан олдин аҳоли ўртасида олиб борилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари, қулай тизим яратилгани самараси ва албатта халқимизнинг ўзи ва юртимиз келажагига бефарқ эмаслиги натижасидир.
Тўғри, рўйхатга олиш бошланган 15 январда куннинг биринчи ярмида тизимда юкламанинг кескин ошиб кетиши ва айрим муаммолар кузатилди. Бундай ҳолат юзага келиши олдиндан тахмин қилинганди. Чунки бошқа давлатларнинг ҳам бу борадаги тажрибаси ўрганилганда электрон тизимда шу каби муаммо ва нуқсонлар бўлгани ва бу “биринчи кун”, “биринчи ҳафта” эффекти сифатида қайд этилганига дуч келгандик. Лекин шу куннинг ўзида бу кичик нуқсонлар бартараф этилди, айрим муаммолар ҳал этилди. Айни пайтда тизимда ҳеч қандай носозлик ёки ортиқча юклама кузатилмаяпти, жараён бир хил давом этмоқда. Фақатгина саволларга жавоб беришда ёки ягона маълумотлар базасида айрим ҳолатларда шахсий маълумотларнинг нотўғри киритилгани билан боғлиқ муаммолар учрамоқда. Бу масалалар ҳам республика ва ҳудудларда ташкил этилган “Сaal-markaz” ҳамда штаблар орқали тезкор ҳал қилинмоқда.
Самарқанд вилоят статистика бошқармасида ҳам вилоятдаги мутасадди идоралар ходимлари жалб қилинган ҳолда штаб фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда статистика, солиқ, маҳалла, кадастр, бандлик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа масъул идораларнинг ўндан ортиқ ходимлари рўйхатдан ўтиш жараёнида аҳоли дуч келаётган савол ва бошқа масалаларга ечим топмоқда, фуқаролларнинг мурожаатларини кўриб чиқмоқда. Штабга 6 кун давомида 50 га яқин мурожаат бўлган ва бу мурожаатлар тегишлилиги бўйича мутахассислар томонидан кўрилиб, ҳал этилган.
Музроб Салимовнинг қайд этишича, вилоятнинг олис тоғли ва дашт ҳудудларида ҳам айрим жойларда, гарчи уяли алоқа тармоғида узулишлар кузатилса-да, маҳалла, мактаб, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларда оптик толали интернет алоқа тармоғи тортилгани туфайли одамлар ушбу муассасаларга келиб, рўйхатдан ўтмоқда. Маҳалла марказларида ҳам еттилик ходимлари аҳолига бу борада яқиндан кўмаклашиб, рўйхатдан ўтишларига шароит яратиб бермоқда. Бу борада вилоятнинг Қўшработ ва Нуробод туманларида 14 маҳаллада жараён бошланишидан олдин синов тарзида рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилгани ҳам ижобий самара берди.
Маълумотларга кўра, 21 январь ҳолатида рўйхатдан ўтишда Қўшработ (83,4 фоиз), Тойлоқ (63,7 фоиз) ва Пастдарғом (61,4 фоиз) туманлари аҳолиси фаол иштирок этмоқда. Бошқа ҳудудларга нисбатан бироз паст кўрсаткич қайд этилаётган Самарқанд шаҳри (33,9 фоиз), Каттақўрғон (38,4 фоиз) ва Ургут (40,5 фоиз) туманларида аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда.
[gallery-27251]
– Рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун бошқармамиз ходимлари туман ва шаҳарларга бириктирилган, – дейди Музроб Салимов. – Бу борада ҳокимликлар ва бошқа идоралар билан яқин ҳамкорликда ишлаяпмиз. Аммо жараёнда биз таянадиган энг катта куч – маҳалла еттилиги. Рўйхатга олиш бошлангунга қадар улар бир неча босқичли ўқув-семинарларда қатнашди, зарур билим ва кўникмага эга бўлди ва айни пайтда улар аҳолига census.stat.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишда энг яқин кўмакчи бўлмоқда. Биринчи босқичда қанча кўп аҳолининг рўйхатдан ўтиши улар учун ҳам ҳар жиҳатдан фойдали. Чунки, жараённинг иккинчи босқичида “маҳалла еттилиги” бевосита хонадонма-хонадон юриб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиши керак бўлади. Юқори қайд этганимдек, рўйхатга олишда энг муҳим иш бу – тарғибот. Шундан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали жараён ҳақида ахборот ва қисқа роликлар бериб бориш, одамлар билан бевосита мулоқотлар уюштириш ва ахборот алмашишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш фақатгина аҳоли сони ёки қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ маълумотларни тўплашдан иборат эмас. Бу жараёнда мамлакат иқтисодий тузилмасининг барча жиҳатлари, ижтимоий соҳадаги муаммолар билан боғлиқ маълумотлар жамланади ва бу давлатимизнинг яқин келажакдаги ривожланиш стратегияси, мақсадларини белгилаб олишга асос бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f9duNSrerxs" title="Mamlakatimizning taraqqiyoti, xalqimizning kelajagiga daxldor tadbir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (видео, сурат),
ЎзА мухбирлари