Пойтахтимизда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “InnoWeek.uz-2023» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасидаги кўргазмаларда маҳаллий, хорижий ташкилот ва корхоналарнинг турли хилдаги ишланма ҳамда инновацион технологиялари намойиш этилмоқда.
18 октябрь куни мазкур ҳафталик доирасида “Глобал инновация индекси” форуми ташкил этилди.
Тадбирда республикамиздаги вазирлик ва маҳаллий ҳокимият органлари мутахассислари иштирок этди.
Глобал инновация индекси 80 та кўрсаткичдан иборат ва улар иқтисодий тараққиётнинг турли даражаларида бўлган мамлакатларнинг инновацион ривожланишини тавсифлайди.
Тадбирда 2026 йилга келиб Глобал инновация индекси рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 56 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш ва ушбу йўлда бажарилиши зарур бўлган ишлар муҳокама этилди.
Шунингдек, форумда жорий йил эълон қилинган рейтингда мамлакатимизнинг эгаллаган ўрни, масъул давлат органлари билан биргаликда рейтингга кирмаган ва мунтазам паст баҳоланиб келинаётган кўрсаткичларни яхшилаш бўйича амалга оширилиши керак бўлган масалалар ўртага ташланди.
Тадбирда онлайн иштирок этган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Иқтисодиёт ва статистика бошқармаси бошлиғи Саша Вунш-Винсент, “GEM” консорциуми ижрочи директори Эйлин Ионеску-Сомерс, “Бранд Финанcэ” бошқарувчи директори Ричард Хей ва бошқа хорижий экспертлар фикрлари тингланди.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА