Мамлакатимизнинг энг кучли рапирачилари аниқланди
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган катталар ўртасидаги қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубогида рапира йўналишида яккалик беллашувлар ўтказилди.
Мазкур йўналишнинг қизлар ўртасидаги баҳсларида Дурдона Мадаминжонова сўнгги ҳал қилувчи финал босқичида Малика Тошпўлатовани таслим этган ҳолда чемпионга айланди. Шунингдек, ярим финалга қадар етиб келган Анелия Килдеева ва Асал Каримова эса бронза медали билан тақдирланди.

Эркаклар орасида Фозилхўжа Алимов ва Радмир Семенев финал беллашувида ўзаро рўбарў келди. Ушбу рақобатда зафар қучган Фозилхўжа олтин медалга сазовор бўлди. Радмир эса кумуш медални қўлга киритди. Шеромон Комилжонов ва Илёсбек Марипжонов бронза медалига эга чиқди.
Мамлакат кубоги 11 октябрь кунига қадар давом этади. Унда рапира бўйича жамоавий, сабля йўналишида эса яккалик ҳамда жамоавий баҳслар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА