Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти йилига камида 30 фоизга ошириб борилади
15:51 / 2024-01-19

Муносабат

2023 йилда мамлакатимизда жами 22 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бу 2022 йилга нисбатан 1,8 баробар кўп демакдир. Аммо, сўнгги йилларда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш борасида яратиб берилган шароитлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олсак, эришилган натижаларни қониқарли деб бўлмайди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, мамлакатлар иқтисодиётининг жадал ривожланишида хорижий инвестициялар улушининг ортиб бориши муҳим роль ўйнамоқда. Шунингдек, муносиб меҳнат ҳаққига эга бўлган иш ўринларини яратиш, янгидан-янги бозорларни забт этишда ҳам инвестицияларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 49-мақсадида ҳам мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, етти йилликда 250 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш, жумладан, 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасидаги инвестицияларни жалб қилиш, эркин муомаладаги қимматли қоғозлар савдолари ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш белгиланган.

Бунинг учун эса умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд стратегик аҳамиятига эга бўлган технологик ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилади. Натижада, биргина инвестиция лойиҳалари ва саноатнинг ўзида 250 минг иш ўрни яратилади. Ҳудудларнинг инвестицион рейтингини юритиш, ҳар бир ҳудуднинг имкониятларидан келиб чиқиб, унинг инвесторлар учун жозибадорлигини янада ошириш чоралари кўриб борилади.

Шунингдек, 40 та давлат иштирокидаги корхоналар акциялари “Халқ IPO”сига чиқарилиб, аҳолини IPOда қатнашишини рағбатлантириш механизмлари жорий қилинади. Барча иқтисодий зоналарда зарур инфратузилмадан (йўл, электр энергияси, сув ва оқова тизими) узлуксиз фойдаланиш имкониятлари яратилади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хорижий инвестицияларнинг фаол жалб қилиниши, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмалар ҳолатининг ҳам яхшиланиб боришига хизмат қилади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан йил бошидан алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган соҳалар қаторида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда даставвал, давлатимиз раҳбари ялпи ички маҳсулотни ошириш бўйича катта марра олингани, лекин бунга фақат ички инвестиция ва ички бозор билан эришиб бўлмаслигини қайд этди. Ягона тўғри йўл сифатида хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, бевосита инвестиция, саноат ва экспортга масъул 11 та вазирлик ва идора, 10 та уюшма, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, барча вазирлик, тармоқ ва ҳудудларда экспорт ва инвестицияга масъул раҳбар ўринбосари фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан инвестициялар ва ташқи савдо тизимининг фаолияти жуда сустлиги, тизимда инвестиция ва экспорт бўйича чуқур таҳлил йўқлиги танқид қилинди.

Мисол учун ўтган 2023 йилда ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсган бўлишига қарамасдан, товарлар экспортида кутилганидек ўсиш кузатилмаган. Ҳудудларда эса молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳа ишга туширилмасдан ортга суриб келинмоқда. Агар ушбу белгиланган лойиҳаларнинг ҳар бири ўз вақтида ишга туширилганда, қанчадан-қанча янги иш ўринлари яратилиши, бугунга келиб иқтисодиётда янада катта марраларни белгилашда асос бўлиб хизмат қилган бўларди.

Ушбу йўналишдаги яна бир салбий ҳолат бу – Халқаро молия ташкилотлари билан қиймати 480 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича келишув имзоланган бўлсада, масъулларнинг эътиборсизликлари сабаб бир неча йиллардан бери лойиҳалар ўзлаштирилмасдан келинаётганлигидир.

Иқтисодиётнинг яна бир таянч устуни ҳамда мамлакатнинг халқаро бозорлардаги обрўйини оширувчи йўналиш бу – экспорт саналади. Афсуски, бугунги таҳлиллар натижаси бу борада ҳам ишлар қониқарли даражада йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда.

Бунга эса бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Хусусан, инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст эканлиги, 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслиги, мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмасдан келинаётганлиги шулар жумласидандир.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Стратегияда белгиланган мақсадларга босқичма-босқич ўз вақтида эришиб бориш учун жорий йилдан бошлаб, экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб бориш, экспортни 1 миллиард долларга чиқариш мумкин бўлган мамлакатлар билан яқиндан ишлаш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, эндиликда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларида халқаро стандартларни жорий қилиш даражаси ҳам ҳозирги 35 фоиздан юқори кўрсаткичга олиб чиқилади. Бунда Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, Ҳукумат таркибига ўтказилади.

2024 йилда энг кўп экспорт бўладиган Европадаги 10 та давлат билан миллий сертификатни икки томонлама тан олиш бўйича келишувга эришилиб, 1,7 мингта халқаро стандарт ва 19 та техник регламент қабул қилинади. 1,2 мингта корхонада халқаро сифат тизими жорий этилиб, сифати кафолатланган маҳсулотлар тури амалдаги 4 мингтадан 7,5 мингтага етказилади. “GSP+” тизими орқали Европага экспорт қилинадиган товарлар тури 700 тага, ҳажми 1,2 миллиард долларга етказилади. Ҳозирда Ўзбекистон учун “GSP+” тизими орқали 6 минг 200 турдаги товарларни Европа бозорларига божсиз олиб кириш имконияти яратилган бўлишига қарамасдан, 2023 йилда бор йўғи 384 турдаги товарлар экспорт қилинган.

Умуман олганда танқидий ва таҳлилий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда 2024 йилда мамлакатимизнинг инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги салоҳият ҳамда имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш борасида аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилаб олинди.

Биз халқ вакилларининг галдаги вазифаси белгилаб берилган чора-тадбирлар ўз вақтида тармоқ ва соҳалар фаолиятига татбиқ этиб борилишини жамоатчилик назорати тартибида таҳлил қилиб бориш, масъулларнинг халқ ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлик масъулиятини оширишдир.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА