Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизга фақат асил, сифатли маҳсулотлар келсин
20:30 / 2023-02-23

Мамлакатимизда контрафакт маҳсулотларига қарши курашни янада жадаллаштириш, аҳоли саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган ушбу маҳсулотларнинг мамлакатимиз ҳудудида айланмада бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида ҳар йили 15 февралдан 15 мартга қадар “Контрафактсиз ой” ойлиги ўтказилади.

Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда, мамлакатимиз ҳудудига инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсир қилувчи маҳсулотларнинг кириб келишининг олдини олиш, контрафакт товарларга қарши курашишда божхона органларининг роли муҳим ҳисобланади. Ушбу ой доирасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Контрафакт маҳсулотларига қарши курашишда божхона хизматининг ўрни” мавзусида тадбиркорлик субъектлари билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда божхона, Адлия ва Савдо-саноат палатасининг масъул вакиллари иштирок этди.  

Таъкидланганидек, контрафакт маҳсулот — бу интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарлар ҳисобланади. Кўпинча ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, косметика ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда қалбакилаштирилади ва ундан нусхалар олинади. Бунда товар белгиси ва ишлаб чиқарувчи номидан фойдалинишни кўзлаб, таниқли, сифатли товар ишлаб чиқарувчи брендлар номига айнан ўхшатиб ясалган номлар остида контрафакт товарлар ишлаб чиқариш урфга кирган.  

Давра суҳбатида божхона органларининг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, давлатимиз инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда контрафакт маҳсулотларга қарши самарали курашдаги ўрни ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.  

Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 26 апрелдаги "Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида божхона органларига ҳам қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганлиги аломати мавжуд бўлган товарлар аниқланганда, божхона органлари томонидан ҳуқуқ эгасининг “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидаги шахсий кабинетига ушбу ҳолат тўғрисида бир иш куни давомида электрон рақамли имзо билан тасдиқланган хабар юборилади. Хабар юборилгандан бошлаб бир иш куни давомида ҳуқуқ эгаларидан тегишли шаклдаги ариза келиб тушган тақдирда, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.  

Божхона органлари эндиликда божхона ҳудудига олиб кириладиган ва божхона назорати остида турган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилганлик белгилари мавжуд бўлган товарларни чиқариб юборишни тўхтатиб туришлари ва тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилишлари мумкин.  

Бу эса, энг аввало Ўзбекистонда соғлом савдо муҳитини шаклланишига кўмаклашиб, мавжуд инвестицион муҳитни янада яхшилашга хизмат қилади, инновацион технологияларни олиб кириш ва инвестицияларни жалб қилишда ёрдамчи восита ролини ўйнайди.  

–Айни пайтда, Давлат божхона қўмитаси томонидан “Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестри” онлайн электрон шаклда юритилмоқда. Ушбу реестр Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида янгиланиб келинмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бош инспектори Ю.Кудиярова. – Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрида бугунги кун ҳолатига жами 400 та товар белгилари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар божхона органлари томонидан ҳуқуқий ҳимояга олинган ҳисобланади. Интеллектуал мулкка ҳуқуқ эгасининг аризасига асосан 2022 йил давомида жами 7 та ҳолатда қиймати 260,6 минг АҚШ долларига тенг товарларнинг божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилган. Мазкур реестрга кириш imo.customs.uz манзили орқали амалга оширилади.  

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига, айниқса товарлар импортини амалга оширувчи тадбиркорларга контрафакт маҳсулотларга алданиб қолмаслик, шунингдек, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчиларга қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликлар бўйича берилган тавсиялар ва ҳуқуқий маслаҳатлар мамлакатимизга фақат асил сифатли маҳсулотлар кириб келишига туртки бўлишига ишонамиз.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири