Бу йил жонажон Ватанимиз истиқлолга эришганининг ўттиз иккинчи йили. Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат, жамият ва инсон тамойилларини бош мақсад қилиб олган, ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларига асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакат ривожи ва тараққиётига мос равишда янада демократик тус билан такомиллаштирилди. Инсон манфаатлари жамият ва давлат манфаатларидан юксак қўйилди.
Ана шундай ҳуқуқий асослар негизида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳалари сингари давлат ҳокимияти бошқаруви соҳасида ҳам кенг қамровда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллик билан босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган хунрезликлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафик тобора авжига чиқаётган бир пайтда мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англаш қийин эмас. Бундан хулоса шуки, барча саъй-ҳаракатлар юрт тинчлигига, халқ саломатлиги ва фаровонлигига, Ватан тараққиётига сафарбар қилинганлигидан далолатдир.
Бу каби натижалар мамлакатимиз фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали фаол иштирок этаётганини, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳукм сураётганини кўрсатади. Бу борада, албатта, сиёсий партияларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ўтган даврда давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг, шу жумладан сиёсий партияларнинг иштироки мустаҳкамланди. Партиялараро соғлом рақобат учун кенг ва тенг шароитлар яратилди. Фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқларига конституцивий мақом берилиб, жамият ва давлат ишларини бошқариш ҳуқуқлари белгилаб қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”, деб белгилаб қўйилди. Бундай имкониятлар сиёсий партияларнинг ўз вакиллари орқали жамият ва давлат қурилишидаги иштирокини мустаҳкамлайди.
Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурати фуқароларнинг сиёсий фаоллигини сезиларли даражада оширишга, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кенгайтиришга, партиялараро соғлом рақобатни кучайтиришга йўналтирилди. Бу мақсадларга конституциявий мақом берилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 74-моддасида: “Сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиши манбалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар тақдим этадилар”, деган меъёр билан мустаҳкамланди.
Шу тариқа Конституция ва қонун ҳужжатлари давлат бошқарувини мазмунан янгилаш, бунда мавжуд демократик тамойилларни кенгроқ жорий этиш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадларини қамраб олди. Асосий эътибор сиёсий партиялар ролини оширишга, янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли (курси) ва дастури ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламент кўпчилиги томонидан камситилишига йўл қўйилмаслигига, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, бир сўз билан айтганда, парламентда сиёсий партияларнинг фаоллигини оширишга, сиёсий тизимдаги барқарорликни таъминлашга қаратилди. Мухолифатдаги партияларга қонунчилик ҳужжатлари муҳокамасида тўлиқ қатнашиш ва муқобил қонун лойиҳаларини тақдим этиш ҳуқуқларининг берилганлиги ҳам жуда муҳимдир.
Қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилишидан кўзланган мақсад, аввало, парламентда сиёсий партиялар ва шу партиялар фракцияларининг парламент ишига яқиндан киришиши, масъулиятини ошириши, ташаббускорлигини кучайтириши, улар орқали, биринчидан, сайловчиларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўз вакиллари орқали фаол иштирок этиши, иккинчидан, сайловчиларнинг ҳукумат фаолияти устидан ўз назоратини кенгайтириши, бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ўсиши учун хизмат қилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, умумхалқ овози билан Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар барқарор ривожланиб бораётган мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ўрнини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Конституциянинг 118-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади”, деган меъёр бу масалада сиёсий партияларнинг билвосита иштирокини таъминлаш баробарида, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Конституциямизга киритилган бу каби ўзгартиш ва қўшимчалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани мамлакатимизда демократик жараёнлар жадал ривожланаётганининг амалдаги исботи бўлиб, сиёсий партияларнинг янада фаоллашувига асос бўлмоқда.
Жорий йил 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан муддатидан илгари Президентлик сайловини ўтказиш бўйича сайлов кампанияси эълон қилинди. Шу кундан эътиборан, юртимизда кўппартиявийлик, сиёсий хилма-хиллик ва соғлом рақобат асосида ҳар бир партия сайловда иштирок этишини эълон қилди ва Марказий сайлов комиссиясининг мандатини қўлга киритди. Шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловда иштирок этиш ҳақидаги аризаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 15 май кунги қарори билан қаноатлантирилиб, 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат берувчи гувоҳнома топширилди. Шундан сўнг белгиланган тартибда сайловчиларнинг Президентликка номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича имзоси йиғилди ва Марказий сайлов комиссиясига топширилди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун сиёсий партиялар қонунчилигимизда белгиланган ҳуқуқлари асосида мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, ўз дастурий мақсад-вазифаларини амалга оширган ҳолда юрт ривожига кўмаклашиб келмоқда.
Абдукамол Раҳмонов,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари.
ЎзА