“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида ўтказилаётган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасидаги анжуманда Ўзбекистон cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов “Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг трансформацияси, замонавий тиббиёт тизимининг ривожи: глобал ва миллий тенденциялар” мавзуида маъруза қилди.
Вазир ўз сўзида ўтган 2022 йилда 136 та поликлиника ва 1300 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, улар сони 3 минг 522 тага етказилгани натижасида 4,5 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилганини қайд этди. Шунингдек, ихтисослашган тиббий хизмат халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилиб, Ўзбекистоннинг 14 та маъмурий ҳудудида 23 та ихтисослаштирилган марказлар филиаллари ташкил этилганини таъкидлади.
Қайд этилишича, мамлакатимизда буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби юқори технологик операциялар вилоят ва ҳатто туман даражасида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.
– Айни вақтда Ҳукумат кафолати остида умумий қиймати 877 миллион долларни ташкил этувчи 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Амрилло Иноятов. – Германиянинг КfW банки иштирокидаги қиймати 45 миллион еврога тенг “Соғлиқни сақлаш тизимида рақамли технологияларни жорий этиш” лойиҳаси шулардан биридир. Кореянинг "EDCF" жамғармаси иштирокида ҳам умумий қиймати қарийб 400 миллион долларлик 4 та йирик лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки иштирокида қиймати 80 миллион долларлик “Ўзбекистон Республикаси онкология хизмати муассасаларини замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш (2-босқич)” лойиҳаси ҳамда Марказий Осиёда ягона бўлган 8 қаватли, 650 ўринли ва 500 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникасидан иборат Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги биноси лойиҳаси амалга оширилмоқда.
–Россиянинг Ўзбекистон билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда трансплантология йўналишида ҳам қатор ютуқларга эришдик, –дейди Россия Фанлар академияси академиги, В.Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт тадқиқот маркази директори Сергей Готье. – Хусусан, Россия шифокорлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига бу турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказишда яқиндан кўмак бермоқда. Биргаликда мамлакатингизнинг бир қанча ҳудудларида трансплантология марказлари очишни режалаштирганмиз. Яқинда Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон-Россия тиббиёт форуми доирасида юртингиз шифокорларини мазкур йўналишда ўқитиш ва биргаликда инсон тана аъзоларини трансплантация қилиш бўйича қатор келишувларга эришган эдик. Шубҳасиз, ушбу келишувлар давлатларимиз ўртасидаги тиббиёт соҳаси бўйича икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА