Куни кеча Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Унда ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича корхоналарни ривожлантириш ва “яшил” иш ўринлари бўйича катта мутахассиси Кристина Мартинез, мазкур ташкилотнинг инқироздан кейинги тикланиш учун инновацион фаол бандлик сиёсатини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш бўйича мутахассиси Анастасия Дубова ва вазирликнинг “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси вакиллари иштирок этди.
Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиши даврида “яшил” иш ўринларини яратишга кўпроқ эътибор бериш, “яшил” иш ўринларини яратишда адолатни таъминлаш, мамлакатдаги корхоналар иш ўринларининг “яшил”лигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидлаш керакки, бу ишлар корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европа ва ривожланган давлатлар бозорларига экспорт қилиш салоҳиятини янада кенгайтириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади.
Тадбир якунида бу бўйича юртимизда тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш доирасида чора-тадбирлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, Халқаро меҳнат ташкилоти – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги бўлиб, унинг мақсади халқаро меҳнат стандартларини белгилаш орқали ижтимоий ва иқтисодий адолатни ривожлантиришдан иборат. У 1919 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида ташкил этилган ва унинг биринчи ва энг қадимги ихтисослашган муассасаларидан биридир. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 187 давлат аъзо ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА