Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда тўрт минг нафардан ортиқ бола қандли диабетнинг 1-тури билан рўйхатга олинган
12:46 / 2022-08-23

Эпидемиологик тадқиқотлар натижаларига кўра, охирги ўн йил ичида қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда. У аутоиммун хасталик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Зарарланиш 70-80 фоизга етгач, хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади. Агар ўз вақтида ташхис ва даво чоралари кўрилмаса, оғир асоратлар юзага келиши мумкин.

Мамлакатимизда ҳам ушбу касаллик билан оғриган 4 минг нафардан ортиқ бола бор. Уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд вилоятларида истиқомат қилувчилардир.  Мутахассисларнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемиясидан сўнг қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган болалар сони янада ортган. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самараси натижасида ўлим кўрсаткичлари 98 фоизга камайишига эришилди.   

Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Болалар эндокринологияси бўлимида 30 нафарга яқин бемор даволанмоқда. Уларда қандли диабетни назорат қилиш асосий омил бўлиб, қондаги қанд миқдорини кун давомида бир неча маротаба ўлчаб бориш муҳим саналади. Бунинг учун уларнинг ҳар бирида алоҳида глюкометр асбоблари бўлиши керак.  

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ташаббуси билан қонда глюкоза миқдорини ўлчайдиган 40 дона глюкометр ускунасининг бўлимда даволанаётган бемор болаларга топширилиши айни муддао бўлди.

– Кўриб турганингиздек, қандли диабет 1-тур беморларига мазкур глюкометр асбобларини тақдим этдик, – дейди ССВ бош педиатр-эндокринологи, тиббиёт фанлари номзоди Насиба Алимова. – Бу бемор болаларимизда қандли диабет назоратини кучайтиришга жуда катта ёрдам беради. Оғир ва сурункали асоратларнинг олдини олишда қўл келади.   

– Соғлиқни сақлаш соҳасига ҳукуматимиз томонидан эътибор тобора кучайиб бораётганини инобатга олган ҳолда вазирлигимиз ҳам фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаш мақсадида тиббиёт муассасаларини энг илғор технологиялар ҳамда асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун саъй-харакатлар олиб бормоқда, – дейди Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Ойбек Шаҳобиддинов. – Мазкур  беғараз ижтимоий-гуманитар ёрдам давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилди. Бу каби ишлар бошқа марказларда ҳам босқичма босқич амалга оширилади.  

 

Моҳигул Қосимова, 
ЎзА