27 март - Халқаро театр куни муносабати билан ўтказилаётган ушбу ижодий лойиҳа "Очиқ эшиклар куни" сифатида бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда миллий театр санъати ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Юртимиздаги театр жамоалари ўз имконияти, томошабин, умуман жамият олдидаги ижтимоий бурчини теран англаган ҳолда янги саҳна асарларни тайёрлаб, юртдошларимизга тақдим этмоқда.
Мамлакатимизда санъаткорлар, шу жумладан, театр соҳаси фидойилари доимий қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур барча шароитлар яратилмоқда. Театрларнинг моддий-техника базаси мунтазам яхшиланмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан барча ижодкор зиёлилар сингари театр санъати усталари - режиссёрлар, ижодкорлар, драматурглар, саҳна декорацияси усталари, безакларни қурувчилар, ҳатто либос тикувчилар, чироқ усталари, грим усталари, хуллас фаолияти театр билан боғлиқ барча-барча ходимлар фаол рағбатлантирилмоқда.
Аслида мамлакатимизда йил - ўн икки ой театр ҳафталиги, десак янглишмаймиз. Негаки, томоша санъати жамоаларининг фаолияти доим қизғин ва тўхтовсиз жараёнда. Юртимиз театрлари мунтазам тарзда томошабинни янги спектакллар, премьералар билан хурсанд қилмоқда. Пойтахт ва вилоятлардаги театр жамоалари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида доимий ижодий сафарларда бўлиб, ҳатто чекка ва олис ҳудуддаги мухлисларини ҳам энг сара спектакллари билан мамнун этмоқда.
Республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, кўриклар, фестиваллар ўзбек театр санъати ютуқлари билан кенгроқ танишиш ва энг мукаммал асарлардан баҳраманд бўлиш имконини бермоқда.
Юртимиз театрларида бўлиб ўтаётган "Очиқ эшиклар куни" тадбирлари соҳадаги ютуқ ва камчиликларни атрофлича таҳлил этиш, галдаги вазифаларни белгилаш, томошабинлар фикрини ўрганиш учун яна бир қулай имкониятдир.
Зеро, ижодий жамоаларимизнинг эшиклари йил давомида томошабинлар учун очиқдир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири