Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда Қирғизистон капитали иштирокида 291 та корхона фаолият юритади
16:07 / 2022-10-13

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Қирғизистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, учрашувда  Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги

кўп томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ҳукумати делегацияларининг ташрифлари масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ташрифлар саноат кооперацияси бўйича янги қўшма  лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатли савдо битимларини  тузишга ёрдам беради. 

Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бугунги кунда юртимизда  Қирғизистон капитали иштирокида 291 та  корхона фаолият юритмоқда. Томонлар ҳар икки мамлакатда,  хусусан тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, фармацевтика воситалари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар сонини оширишга тайёр эканликларини билдирди. Бу борада 2022-2025 йилларга мўлжалланган  Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш  ва саноат  кооперациясини ривожлантириш тўғрисидаги битим, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни  йўлга қўйиш тўғрисидаги битим,  Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тузишга эришилди. 

Икки мамлакат вакиллари Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди фаолиятини ҳам муҳокама қилди. Фонд томонидан шаҳар транспорти соҳасидаги умумий қиймати 1,85 миллион долларлик  лойиҳани молиялаштириш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, ип йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштиришни ишлаб чиқиш ва  ушбу фонд маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш, биргаликда гидроэнергетика ва транспорт-логистика соҳасидаги  йирик лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Музокаралар якуни бўйича томонлар  икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлашга келишиб олди.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА