Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда пандемия бошланганидан буён коронавирусдан 1637 нафар одам вафот этган
13:49 / 2022-09-29

Бундан қарийб бир ой аввал халқаро экспертлар, олимлар, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари куз мавсуми бошланиши билан дунёда коронавирус инфекцияси кескин авж олишидан жиддий ташвишда эди, дея ёзмоқда мамлакатимиз ССВ матбуот хизмати.

Мана, куз фаслининг илк ойи якунланяпти. Ҳисоботу мониторинг натижалари эса пешма-пеш таҳлил этиб борилмоқда. Қувонарли жиҳати, ҳозирча хавотирли прогнозлар ўзини оқлагани йўқ. Аксинча, пандемия қисман ортга чекинмоқда.    

Ўтган ҳафта давомида Ер шарининг барча нуқталарида жами 3 миллион нафардан ортиқ киши СOVID-19 инфекциясини юқтирган. Улардан 9 минг нафарга яқини касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Таҳлилларга кўра, 19-25 сентябрь кунлари коронавирусга чалиниш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 11 фоизга, вафот этганлар сони эса 18 фоизга камайган.    

Инфекция аниқланиши билан боғлиқ сезиларли пасайиш динамикаси Африка (33 фоиз) ва Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида (19 фоиз) кузатилди. Ўлим ҳолатлари эса Африкада 34, Европа ва Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаларида эса 26 фоизга камайган.    

Ҳафта давомида рўйхатга олинган беморлар сони бўйича Япония етакчилик қилди – қарийб 536 минг киши. Кейинги ўринни 361 мингдан зиёд ҳолат билан АҚШ эгаллади. Шунингдек, Россияда 354 мингга яқин, Хитойда 292 мингдан ортиқ, Германияда эса 249 минг кишига коронавирус ташхиси қўйилди. Энг кўп беморлар ўлими АҚШда кузатилди. Мамлакатда ўтган ҳафтада 2484 киши COVID-19 қурбонига айланди. Қолаверса, Россияда 712, Японияда 659, Хитойда 497 ва Бразилияда 450 нафар одам хасталик туфайли вафот этди.    

Мамлакатимизда ҳам коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазият барқарор бўлиб, ўтган бир ой давомида кунлик касалланиш кўрсаткичи 10-20 нафарни ташкил қилди. ССВ юритган статистикага кўра, пандемия бошланганидан буён мазкур касалликдан жами 1 минг 637 нафар одам вафот этди.    

Моҳигул Қосимова, ЎзА