Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мамлакатимизда ёлғиз кексаларнинг демографик ҳолатини эълон қилди.
Унга кўра, (шу йил бошидаги статистика асосида), юртимизда пенсия ёшидаги ёлғиз аёллар 63,4 фоиз, яъни 2 587,8 минг нафарни, ёлғиз эркаклар эса 36,6 фоиз, яъни 1 494,4 минг нафарни ташкил қилади.
Пенсия ёшидаги ёлғиз кексалар сонига нисбатан ўзгалар парваришига муҳтож бўлганлар – Қорақалпоғистон Республикасида 0,7, Хоразм вилоятида 0,1, Навоий вилоятида 0,4, Бухоро вилоятида 0,3, Қашқадарё вилоятида 0,3, Сурхондарё вилоятида 0,7, Самарқанд вилоятида 0,4, Жиззах вилоятида 0,3, Сирдарё вилоятида 0,6, Тошкент шаҳрида 0,2, Тошкент вилоятида 0,3, Наманган вилоятида 1,1, Фарғона вилоятида 0,6, Андижон вилоятида эса 0,7 фоиз.
Шунингдек, мамлакатимизда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 минг 417 нафар ёлғиз кекса бор. Уларнинг 75 фоизи, яъни 13 минг 736 нафари ёлғиз яшовчи шахслардир.

Якка-ёлғиз шахслар эса 4 минг 681 нафар бўлиб, уларнинг 75,2 фоиз, яъни 3 минг 518 нафарини аёллар, 24,8 фоизи, яъни 1 минг 163 нафарини эркаклар ташкил этади.
Уларни асосан ёлғизлик, саломатлик ва хавфсизлик масалалари, ҳаракатланиш чеклангани, кундалик уй ишларини бажаришда қийинчилик, нотўғри овқатланиш, хотира сусайиши, фирибгарлик ва суиистеъмол қилиш ҳолатларига қарши заифлик, ўз-ўзини парвариш қилолмаслик ва ижтимоий ходимлар томонидан парваришлаш графигининг нотўғри шакллантирилгани каби муаммолар қийнаб келади.
Тизимдаги энг катта муаммолардан бири ёлғиз кексалар бўйича аниқ маълумотларнинг йўқлигидир. Турли идоралар томонидан юритиладиган маълумотлар базаси ўртасида номутаносибликлар мавжуд бўлиб, базаларга маълумотлар нотўғри киритилиши ҳолатлари ҳам учраб туради.
Шу боис, Агентлик томонидан бугунги кунда ёлғиз кексаларнинг ҳаққоний электрон базасини шакллантириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА