Мамлакатимизда Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш, ноёб турдаги ўсимлик ва дарахтларни кесиб ташлаш охирги вақтларда сезиларли кўпайган.
Хўш, Ўзбекистонда тўлиқ давлат муҳофазасига олинган ҳудудлар борми? Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот турлари, экотизимлар ва ландшафтларни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?
Бунинг энг самарали йўлларидан бири бу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил қилишдир.
Охирги 5 йилда соҳага оид 15 га яқин Ҳукумат қарори қабул қилинди. 2016 йилда биохилма-хиллик билан боғлиқ бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 2,011 миллион гектарни ёки мамлакатимиз ҳудудининг 4,64 фоизини ташкил қилган эди.
2023 йилнинг 1 январь ҳолатига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,321 миллион гектарга етказилди ва уларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги улуши 14,08 фоизни ташкил қилади.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва шу орқали Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш мақсадида Самарқанд вилоятида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудини 2 минг гектарга, Жиззах вилоятидаги Нурота давлат қўриқхонасини 4 минг гектарга, Сурхондарё вилоятидаги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудини 5 минг гектарга (умумий 11 минг гектар) кенгайтириш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, Зарафшон миллий табиат боғи, Сурхон ва Нурота давлат қўриқхонаси ҳудудларини кенгайтириш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари амалга оширилиб, кенгайтирилиши режалаштирилган ҳудудларнинг бирламчи хариталари тайёрланди. Ҳозирда бу бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
2024 йилда Фарғона водийсида (Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари) умумий майдони 100 минг гектардан иборат янги табиат боғи ташкил этилади. Натижада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг майдони 6,432 минг гектар ёки мамлакатимиз ҳудудига нисбатан 14,3 фоизга етказилади.
Ҳозир мамлакатимизда 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 12 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги мавжуд. Мазкур ҳудудларда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган умуртқали ҳайвонларнинг 102 тури, ўсимликларнинг 280 тури учрайди.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базаси ривожлантирилиб борилмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармаси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида маъмурий биноларнинг бир қисми таъмирланди. Чотқол биосфера ва Ҳисор давлат қўриқхоналарида ташриф марказлари ташкил этилди.
Зомин давлат қўриқхонаси учун янги маъмурий бино ва инспекторлар уйи (кордон) қурилди. Нурота, Сурхон давлат қўриқхоналарининг маъмурий бинолари капитал таъмирланди ва 6 дона кордон янгидан қурилди, Қизилқум давлат қўриқхонасига инспекторлар уйи сифатида фойдаланиш учун 2 дона контейнер олиб берилди. Ҳисор давлат қўриқхонасида 4 дона кордон уйлар тўлиқ таъмирланди.
Ҳалқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Чотқол биосфера ва Ҳисор давлат қўриқхоналари, “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи фаолиятига SMART патрул қўриқлаш тизими татбиқ этилди. 500 дан ортиқ демаркация белгилари, фотоаппарат, оптик кузатиш воситалари, фотоқопқонлар ва бошқа асбоб-ускуналар билан таъминланди.
2023 йилда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар моддий-техник базасини яхшилаш, назорат ва биохилма-хиллик мониторингини ҳамда илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш мақсадида давлат бюджетидан 19 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағларга йўлтанламас автомобиллар, замонавий дрон, фотоқопқон, фотокамера, дурбин, портатив метеостанциялар, компьютер, принтер, ётоққоп, палатка ва бошқа асбоб-анжомларни харид қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, 2024-2025 йиллар давомида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда мониторинг ишларини ташкиллаштириш мақсадида йилига 25 миллиард сўм ажратиб борилиши назарда тутилган.
Вазирлик бу соҳада ҳалқаро йўналишда ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон билан трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда.
2016 йилда Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (Майдонтол участкаси) ва Угам-Чотқол давлат биосфера резерватининг қўриқхона зонаси (Бошқизилсой участкаси) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
2023 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан “Сайгачий” мажмуа буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди.
2021 йилда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг Бутунжахон биосфера резерватлари тармоғи рўйхатига киритилди.
Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари (2020 йилда), “Судочье” кўллар тизими (2023 йилда) Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқлик ҳудуди сифатида Рамсар Конвенциясининг рўйхатига киритилди.
Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон билан трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда. Сурхон давлат қўриқхонаси жойлашган ҳудудларни Куҳитанг тоғи экотизимлари сифатида Туркманистон билан биргаликда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон табиий мероси рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрланмоқда.
Хулоса шуки, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишда табиатни асраш ва инсон фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири ҳақида аҳолига маълумот бериб бориш муҳим.
Бунда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда қонунга хилоф равишда ов қилиш ва дарахт кесишни назорат қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳолатини ўрганиш бўйича тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиш мумкин.
Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ва келгусида аниқ режаларни белгилаб олиш мамлакатимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини самарали муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА