Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликнинг барқарорлигини таъминлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва кенгайтириш ҳамда экотизимларни қайта тиклаш долзарб аҳамиятга эга. БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси маълумотига кўра, ўтган 2015 йилдан буён дунёда Марказий Осиё минтақаси майдонига тенг соғлом ер таназзулга учраган. Бу кўрсатгич 4,2 миллион квадрат километрга тенгдир.
Пойтахтимизда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт Дастури ва “IUCN”нинг Глобал экологик жамғармаси (GEF) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ўта муҳим ландшафтларни муҳофаза қилиш ва тиклашни самарали комплекс бошқариш” мавзусида халқаро тадбир ташкил этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистонда ўта муҳим ландшафтларни муҳофаза қилиш ва тиклашни самарали комплекс бошқариш” номли лойиҳа ерларни бошқариш бўйича тартиб-қоидаларнинг изчиллиги, тармоқлараро ҳамкорлик ва ландшафт даражасида интеграциялашган барқарор ҳаракатлар учун инновацион молиялаштириш ва технология ёндашувларига асосланади.
Ушбу лойиҳада Ўзбекистоннинг хавф остида бўлган кўплаб ҳудудлари ва ҳамжамиятлари иқлим ўзгариши ва офатларга чидамли бўлиши кўзда тутилади. Табиий ресурслар ва инфратузилмани барқарор ва гендерга боғлиқ ҳолда самарали бошқариш, иқлим ўзгаришларига қарши кураш бўйича самарали чора-тадбирлар, инклюзив атроф-муҳитни бошқариш ва муҳофаза қилишда ушбу лойиҳа манфаатли бўлади.
Маълум қилинишича, чўлланиш ва ўрмонларнинг кесилишига қарши тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, жойларда 1 миллиард туп кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда чанг-туз бўронлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида оммавий ўрмонзорлар экиш ишлари бошлаб юборилган. Мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони 6 миллион гектаргача кенгайтирилди ва республика умумий майдонига нисбатан 14 фоизга етказилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистонда ерларнинг деградацияси, чорва молларини ҳаддан зиёд ўтлатиш, яйловлар тўғрисида хабардорлик ва ташкилий имкониятларнинг чеклангани, деградацияга оид масалалар ва ёндашувлар туфайли бутун ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ерларни тиклаш, барқарор бошқарув ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича тизимли ёндашувлар зарур экани қайд этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА