Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда МДҲ сайловларни кузатиш миссияси ўз фаолиятини бошлади
17:14 / 2021-09-29

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Леонид Анфимов бошчилигида МДҲ сайловларни кузатиш миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатимизга ташриф буюрди.

Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.  

 

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев меҳмонларни сайлов кампанияси билан таништириб, сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади.  

 Шу билан бирга, айни дамда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёни бошлангани, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилганлиги қайд этилди.  

 

– Олдинги сайловлардан фарқли ўлароқ, биз бу йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликни 2021 йил 23 июль – сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинганидан анча олдин, яъни йил бошидан бошлаган эдик ва сайловни 2021 йил 24 октябрга белгиладик. Албатта, бу йилги сайловларни юқори савияда ўтказишда 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларидан орттирган тажрибамизга ҳам таяндик, – деди З.Низомхўжаев.  

 Леонид Анфимовнинг қайд этишича, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлади.  

– Бу биз учун янги миссия эмас. Агар бу галги сайловларни ҳам инобатга олсак, МДҲ кузатувчилари саккизинчи маротаба Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Жумладан, биз 2016 йилги Президентлик сайловларида ҳам, 2019 йилги парламент сайловларида ҳам иштирок этганмиз. Мен Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатмоқдаман. Очиғи, Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар мени ҳайратга солмоқда. Ўзбекистоннинг ўсиш динамикаси ҳақиқатан ҳам одамни таъсирлантиради. Шахсий прогнозларимга кўра, яқин келажакда Ўзбекистон иқтисоди Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбек халқи Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ўсишига олиб келадиган лидерни сайлашига ишончим комил, – деди Л.Анфимов.  

 Миссия ўз фаолияти давомида сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма оммавий ахборот воситаларида чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, номзодларнинг сайлов штабларида учрашувлар ўтказиш билан шуғулланади.  

 Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Марказий сайлов комиссияси шу кунга қадар 112 нафар халқаро кузатувчини рўйхатдан ўтказди.  

 Учрашувдан сўнг Л.Анфимов оммавий ахборот воситалари вакилларига миссия фаолияти юзасидан мурожаат қилди.  

 

Нурилло Насриев, ЎзА