Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда март ойида қандай футбол учрашувлари ўтказилади?
11:15 / 2024-02-29

Бугун қиш фаслининг сўнгги куни ва эртадан баҳор фасли кириб келади. Бежизга сўзимиз аввалини кунлар ҳақида бошламадик. Қисқа қилиб айтганда эртадан, аниқроғи, 1 март кунидан мамлакатимизда футбол мавсуми бошланади. Энг эътиборли жиҳати, ўзбек футбол ихлосмандлари кутаётган Ўзбекистон Суперлигаси баҳслари бошланади. Шунингдек, март ойида миллий терма жамоамиз ҳам ўз ўйинларини ўтказади.

Бугунги футбол шарҳимизни мамлакатимиз чемпионати ва март ойида футбол мухлисларини қандай ўйинлар кутаётгани, шунингдек, Европа футболидаги хабарларга бағишлаймиз.    

Ўзбекистон Суперлигасини “Навбаҳор” ва “Динамо” клублари ўртасидаги баҳс бошлаб беради. Шу куни “Насаф” ҳамда “Олимпик” жамолари ўзаро тўқнаш келади. 2 март куни эса “Бунёдкор” — “Қизилқум”, “Сўғдиёна” — “Нефтчи” ўртасидаги ўйинларга гувоҳ бўлсак, 3 март куни  “ОКМК” — “Андижон”, “Локомотив” — “Металлург” клублари ўзаро рақобатлашади. Биринчи турни “Сурхон” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги ўйин якунлаб беради. Бу учрашув 4 март куни ўтказилиши режалаштирилмоқда.  Умуман олганда март ойида миллий чемпионатимизда 4 та тур учрашувлари бўлиб ўтади.    

Мусобақа бошланиш аввалида айрим жамоалар футболчилар рўйхатини ошкор қилди. Унга кўра, Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси бу йилги чемпионат учун 53 нафар, “Пахтакор” клуби эса 46 нафар, “Олимпик” клуби 23 нафар футболчилар рўйхатини ҳавола этди.    

Шунингдек, март ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатининг саралаш баҳслари гуруҳ босқичида 3-4 турларда майдонга тушади. Дастлаб, терма жамоамиз 21 март куни сафарда Гонконгга қарши ўйин ўтказса, 26 март куни ушбу терма жамоалар Тошкентда жавоб ўйинида ўзаро тўқнаш келади.    

Маълумот учун, Ўзбекистон “E” гуруҳида Эрон, Туркманистон ва Гонконг терма жамоалари билан рақобатлашмоқда. Айни дамда миллий терма жамоамиз 4 очко тўплаган ҳолда гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Гуруҳ пешқадами Эронда ҳам 4 очко мавжуд, фақатгина голлар нисбатига кўра, биринчи поғонада турибди. Туркманистон ва Гонконг эса бир хил – бир очко тўплаган ҳолда учинчи ҳамда тўртинчи ўриндан жой олган.  

Энди эса Европа қитъасида куни кеча ўтказилган мусобақалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.  

Англия кубоги нимчорак финалидан ўрин олган бир қатор учрашувлар ўтказилди. “Ливерпуль” йирик ҳисобда “Саутгемптон”ни мағлубиятга учратди. Сўнгги ўйинларда “Ливерпуль” клуби ёш футболчилар билан майдонга тушиб муҳим натижаларни қўлга киритаётгани барчага маълум. Бу галги баҳсда ҳам Дэннснинг дубли ва Каумаснинг голи Клопп шогирдларига 3:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Эътиборлиси, ҳар икки футболчи ҳам эндигина 18 ёшда.    

Шуниндек, мазкур босқичда “Ноттингем Форест” ўз майдонида “Манчестер Юнайтед”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган бўлса, “Челси” Лондонда “Лидс”ни 3:2 ҳисобида таслим этди.    

Мазкур учрашувлардан сўнг Англия кубоги чорак финал жуфтликлари маълум бўлди. Унга кўра, 1/4 финал босқичида  “Манчестер Юнайтед” – “Ливерпуль”, “Манчестер Сити” – “Ньюкасл”, “Челси” – “Лестер”, “Вулверхэмптон” – “Ковентри” клублари ярим финал учун рақобатлашадиган бўлди. Чорак финал ўйинлари 16-17 март кунлари ўтказилади.    

Хабарингиз бор, Виктор Осимҳен “Наполи” сафида қаторасига тўртинчи мавсум Италия “А” Сериясида 10 тадан ортиқ гол уриб келмоқда.  Виктор кеча чемпионатнинг 21-туридан ўрин олган “Сассуоло”га қарши ўйинда (6:1) хет-трик қайд этди. Эндиликда унинг жорий мавсумдаги голлари сони 11 тани ташкил этмоқда.    

Осимҳен “Наполи” тарихида кетма-кет 4 мавсум Италия чемпионатида 10 ва ундан ортиқ гол урган учинчи футболчига айланди. Ундан аввал бу ишни фақат Диего Марадона (1984-1988) ва Аттила Саллустро (1929-1933) уддалаган эди.    

 Ҳар ой якунида футбол оламида турли натижа кўрсатган энг яхшилар аниқланиши сир эмас. Жумладан, “Барселона” футболчиси Роберт Левандовски Ла-Лигада февраль ойининг энг яхши футболчиси, деб топилди. Польшалик футболчи бу ойда 5 учрашув ўтказиб, 4 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Шунингдек, “Сельта”га қарши учрашувдаги икки голи жамоасига 3 очко келтирди. Айни дамда Роберт 12 та  гол билан Ла-Лига тўпурарлар жадвалида 6-ўринни банд этиб турибди.    

Шу ўринда, хорижда тўп тепаётган легионерларимиз ҳақида тўхталиб ўтишни лозим кўрдик.  Эрон Про-лигаси 18-туридан ўрин олган “Зобахан” ва “Персеполис” жамоалари ўртасидаги ўйинда Теҳрон клуби сафида ҳаракат қилаётган легионеримиз Остон Ўрунов 67-дақиқада захирадан майдонга тушди. Остон ўзининг дебют ўйинида анча фаол ўйин кўрсатди. Гарчи баҳсда гол ура олмаган бўлсалда, “Персаполис” 0:1 ҳисобида зафар учди.  

Бу ғалаба орқали “Персеполис” очколарини 36 тага етказиб, турнир жадвалида иккинчи ўринни мустаҳкамлаб олди.    

Ўзбекистон терма жамоаси ва Италиянинг “Кальяри” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов оғир жароҳатдан сўнг, индивидуал тарзда машғулотларни бошлади. Шунингдек, у аста-секин клубнинг умумий гуруҳ машғулотларида қатнашмоқда.    

Маълумот учун, Шомуродов 2 ой олдин жароҳат олган эди. Ҳужумчи Қатардаги Осиё кубогини ҳам жароҳати сабаб ўтказиб юборган.    

   

Жавоҳир Тошхўжаев,    

ЎзА