Бугун АОКАда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги масъул ходими Нафиса Дулабова иштирокида ўтказилган брифингда республикада минерал хомашё базасини барқарор ривожлантириш, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, истиқболли фойдали қазилма майдонларини аниқлаш ва захираларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Унда қайд этилишича, 2024 йилда Минерал хомашё базасини ривожлантириш давлат дастури доирасида 171 та геологик лойиҳа бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларида геология-қидирув ишлари амалга оширилган. Бунда жами 2 миллион 33 минг метр бурғилаш, 8 минг 800 метр ер ости ва 260 минг 800 метр куб ер усти тоғ-кон ишлари, 6 минг 800 километр 2D ва 3 минг 100 квадрат километр 3D сейсмик қидирув ишлари бажарилган.
Бюджет маблағлари ҳисобидан эса 389 минг 400 метр бурғилаш, 4 630 метр ер ости ва 178 минг 800 метр куб ер усти ишлари амалга оширилди. Шунингдек, нефть ва газга истиқболли 18 та янги структура углеводород хомашёсини излаш ва параметрик бурғилаш учун тайёрланди. Бу ишлар самарасида асосий турдаги фойдали қазилмалар бўйича захиралар сезиларли даражада кўпайтирилди. Жумладан, олтин 103 фоиз, кумуш 169 фоиз, мис 105 фоиз, қўрғошин 101 фоиз, рух 123 фоиз, вольфрам 103 фоиз, кўмир 125 фоиз, оҳактош – 300 фоиз, мармар 161 фоиз, гипс 227 фоиз, доломит 427 фоиз, қурилиш тошлари 244 фоизга кўпайди.
–Сўнгги йиллардаги геология-қидирув ишлари натижасида мамлакатимиз ҳудудининг геологик жиҳатдан ўрганилган қисми 128 минг квадрат километрдан 180 минг квадрат километрга етказилди. Жумладан, 2024 йилда Жанубий Ўзбекистон ҳудудидаги 75 минг квадрат километр майдонда 1:200 000 масштабда рақамли геологик хариталар тузилди. Шунингдек, Молгузар ва Ҳисор массивларида 6 минг квадрат километр майдонда комплекс космогеологик ва геокимёвий тадқиқотлар амалга оширилиб, янгиланган тектоник-структуравий схемалар ва кўп мақсадли геокимёвий хариталар яратилди. Бундан ташқари, Овминзатоғ, Белтоғ, Томдитоғ, Аристантоғ, Сангрунтоғ, Яккабоғ, Ҳисор ва Қулжуқтоғ тоғларида жами 3,5 минг квадрат километр майдонда 1:50 000 масштабда мукаммал геологик қайта ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада 8 турдаги фойдали қазилмалар бўйича 42 та истиқболли майдон ажратилди, –деди Н.Дулабова.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида юқори калорияли кўмир конлари тайёрланди. 2024 йилда 13 та асосий турдаги кон ва майдонлар, 19 та сочма олтин участкалари ҳамда 170 та норуда фойдали қазилма майдонлари аукцион орқали реализация қилинди. Бунда жами тушум 239 миллиард 890 миллион сўмни ташкил этди.
Брифингда жорий йилги ишлар ҳам сарҳисоб қилинди. Унга кўра, 2025 йил бошидан буён 154 та геологик лойиҳа асосида ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил якунигача республика ҳудудининг тўлиқ 1:200 000 масштабда рақамли геологик харитаси яратилиши, 3 минг квадрат километр ҳудудида мукаммал космогеологик ва геокимёвий тадқиқотлар тугатилиши, шунингдек, 3 500 квадрат километр майдонда 1:50 000 масштабдаги геологик қайта ўрганиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА