Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг неча нафари олий маълумотга эга?
15:41 / 2022-11-14

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.

Мазкур лавозимга белгилаб қўйилган тартибга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари, иқтисодий ва инвестиция комплексларига кирувчи бошқа идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмаларида бўлим бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари орасидан номзодлар очиқ танловлар асосида саралаб олинди.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, эндиликда ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг иқтисодий таълим йўналишларига ҳокимнинг тавсияси билан суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин. Уларни ўқитиш харажатлари давлат бюджетидан қоплаб берилади. Қарор муҳокамаси 19 ноябрга қадар давом этади.  

Қайд этилишича, мазкур қарорнинг қабул қилиниши намуна кўрсатиб келаётган олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларига олий таълим бериш, уларнинг иш сифатини ошириши ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада ошириш имконини беради.  

Хўш, бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг неча нафари олий маълумотга эга?  

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Мухтор Шоназаров маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 9 минг 294 нафар ҳоким ёрдамчиси фаолият олиб бормоқда. Шундан 9 минг 227 нафар ҳоким ёрдамчилари олий маълумотли номзодлар бўлса, 67 нафари ўрта махсус маълумотли ходимлардан иборат. 317 нафар ҳоким ёрдамчиси жорий йилда имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга тавсия этилган.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасига кўра, абитуриентлар билан суҳбат ўтказиш бўйича алоҳида суҳбат комиссияси ташкил этилади.  

Суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ва жараёнлар кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига онлайн трансляция қилиб борилади. Суҳбат жараёни ҳар йили 5 сентябрдан 15 сентябргача олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда ўтказилади.  

Шунингдек, суҳбат жараёнида абитуриентларнинг ҳар бирига жами тўртта савол берилади ҳамда ҳар бир саволга 25 баллдан ажратилиб, жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади. Қўйилган балларнинг ўртачаси 55 баллдан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА