Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда экологик масалаларга қандай қаралмоқда?
16:40 / 2023-08-09

Мамлакатимизда аҳоли манзилларидан чиқиндиларни ташиш, қайта ишлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. Шулар хусусида Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Деҳқонов билан суҳбатлашдик.

– Юртимизда чиқиндиларни қайта ишловчи нечта корхона бор ва улар қандай фаолият кўрсатмоқда?  

– Республикамизда маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида 2017 йилдан бугунга қадар 184 та санитар тозалаш корхоналари ташкил этилган. Улардан 3 таси давлат унитар корхоналари ва Тошкент шаҳрида “Махсустранс” давлат унитар корхонасининг 12 та филиали хизмат кўрсатади. Самарқанд шаҳрида эса “Миробод обод” унитар корхонаси хизмат қилади.. “Тоза ҳудуд” унитар корхоналари республиканинг барча ҳудудларида ўз фаолиятини олиб боради. Уларнинг 174 тага яқин филиали мавжуд. Бундан ташқари, 114 та хусусий, 67 та давлат-хусусий шериклик корхоналари хизмат кўрсатади. 2020 йилдан буён давлат-хусусий шерикчилик корхоналари ташкил этилган ва уларга 112 та туман (шаҳарлар) бириктирилиб берилган. Ушбу корхоналарда 4000 га яқин техникалар мавжуд. Улар республика бўйлаб 196 та полигонга чиқиндиларни ташиш билан шуғулланади. Охирги уч йилда табиатга энг катта зарар етказаётган 47 таси тупроқ қатлами билан ёпилган. Яна 33 тасини ёпишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Чунки улар аҳоли ва сув ҳавзаларига яқин жойлашган. Ҳозирги кунда 163 та маиший чиқинди полигони мавжуд.  

– Мамлакатимизда аҳоли манзилларидан чиқиндиларни ташиш, қайта ишлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

– Республикамизда 296 та чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхона мавжуд ва улар 7 миллион тонна чиқиндидан ўртача 2,2 миллион тоннасини қайта ишлайди. Шунингдек, пластик чиқиндиларни қайта ишловчи 88 та корхона мавжуд бўлиб, улар йилига ўртача 707 минг тонна пластик идишларни қайта ишлайди. Натижада 420 минг тонна тайёр ёки ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳудудларда чиқиндиларни саралаб йиғишни кенгайтириб, қайта ишлашни кенгроқ йўлга қўймоқчи. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналарга “яшил субсидиялар” бериш, чиқинди полигонларини қисқартиришни режа қиляпти. – Пойтахтнинг баъзи бекатларида чиқинди урналари тўлиб кетишига гувоҳ бўламиз. Бундай вазиятда қаерга мурожаат қилиш керак. – Барча жамоат жойларида Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан чиқинди қутилари ўрнатилган. Ҳудудлар кесимида улар кунлик тозаланиб турилади. Агар аҳолида мурожаат бўлса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган “Халқ назорати” порталига тўғридан-тўғри телефон қилиши мумкин. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг рақамларига боғланиб, ҳолат юзасидан хабар бериши мумкин.  

– Сув ҳавзалари, дарё ўзанлари атрофи чиқиндиларга тўла ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Бу борада қандай чора-тадбирлар кўрилади?  

– Тошкент шаҳридан йирик сув манбалари оқиб ўтади. Улар 6 та канал ва Чирчиқ дарёси. Сув ҳавзаларида доимий рейд тадбирлари амалга оширилади. Хусусан, Чирчиқ дарёси бўйларида 100 дан зиёд рейдлар амалга оширилган. Натижада юк машиналари орқали қурилиш чиқиндиларини ташлаш ҳолатлари аниқланган. Бундан ташқари, очиқ сув ҳавзаларига оқова сувларни оқизиш ҳолатлари бартараф қилинган. Бундай ҳолатларда Каналлар бошқармаси, СЭС ва бошқа ташкилотлар билан ишланади.  

– Аҳолининг экологик маданиятини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

– Аҳоли ўртасида экологик маданият, экологик билимни ошириш жуда ҳам катта масала бўлиб, шу йўналишда ҳам бир қанча ишларни амалга оширамиз. Бошқарма томонидан экологик саналар бор. Унда турли маҳаллаларда, олий ўқув юртларида, корхона ва ташкилотларда тадбирлар амалга ошириб келмоқдамиз. Хусусан, тозалаш акциялари, сувни тежаш масалалари бўйича семинарлар ўтказилади. Ярим йилликда 1700га яқин тезкор рейдлар амалга оширдик ва қонун бузувчилар билан ишладик, чора кўрдик, аҳолига тушунтиришлар бердик. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали қонунчиликдаги янгиликларни тушунтириш кўникмаларини амалга оширяпмиз. Бунинг ҳаммаси аҳолининг экологик билими ошишига олиб келади.  

Тошкент шаҳрида кунига 2 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бу чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун “Махсустранс” унитар корхонаси ва унинг 12 та туман филиали ҳамда 37 та бошқарув компаниялари фаолият олиб боради.  

Тошкент шаҳридан икки усулда чиқинди олиб чиқиб кетилади. Кўп қаватли уйлардан чиққан чиқиндиларни махсус идишларга аҳолининг олиб чиқиши ва ҳовлили ҳудудларда ҳафтасига икки марта махсус техникалар ёрдамида олиб чиқилади. Улар Оҳангарон туманидаги полигонга олиб чиқилади. Асосий қайта ишлаб чиқарилувчи чиқиндиларга – қоғоз, полиэтилен, шиша чиқиндилар, рангли ва қора металл парчалари ҳамда бошқа турдаги чиқиндилар киради.  

–Ўзгариш ҳудудида доимий бадбўй ҳид келиши кўплаб шикоятларга сабаб бўлади. Буни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?  
– Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Ўзгариш ҳамда Қубайтепа маҳаллаларида атмосфера ҳавосига бадбўй ҳид тарқалиш ҳолатлари ўрганилди. Тошкент шаҳар “Сувтаъминот” масъуляти чекланган жамиятига қарашли бўлган “Салар” сув тозалаш иншооти ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган бўлиб, Тошкент шаҳрининг бешта туманида ҳосил бўлган оқова сувларни тозалашга ихтисослашган. Ушбу объект кунига 750 минг кубдан 800 минг кубга яқин оқова сувларни қабул қилиб, биологик усулда тозалашга ихтисослашган. Корхона иншоот атрофларига бадбўй ҳид тарқалиб, бу аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган эди. Албатта, бу бўйича охирги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 5 та туманда жойлашган йирик корхоналарнинг оқова сувларни тозалаш ишлари тўлиқ ўрганилди ва 20 га яқин йирик потенциал корхоналар ажратиб олинди. Булар терини қайта ишловчи, тўқимачилик корхоналари, мол-қўйлар ва паррандаларни сўйишга ихтисослашган кушхоналар, қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналаридир.  

Тошкент шаҳрида жойлашган терига ишлов берувчи барча корхоналар фаолияти тўхтатилиб, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудларга чиқарилди. Тери ишлаб чиқариш, ишлов бериш корхоналари фаолияти тўхтатилгани атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг ташланиши, бадбўй ҳид тарқалиши кескин камайган. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан ижтимоий сўровлар амалга оширилди. Корхоналар яқин жойлашган ҳудудларни доимий мониторинг қилиб борамиз. Бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан тозалаш ишларини давом эттирмоқдамиз. Тўқимачилик комбинатлари, матони бўяшга ихтисослашган корхоналар, ошхоналар фаолияти қаттиқ назоратга олиниб, уларга табиатни муҳофаза қилувчи қонун талаблари тушунтирилиб, бажарилиши лозим бўлган кўрсатмалар бериб келмоқдамиз.  

Насиба Элибекова суҳбатлашди. ЎзА