Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда эко-саноат парклари татбиқ этилмоқда
15:22 / 2025-06-20

Бугун пойтахтимизда “Ўзбекистонда эко-саноат парклари – барқарор иқтисодий ривожланиш йўли” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Eco Expo Central Asia 2025” халқаро экологик технологиялар кўргазмаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда бизнес доиралари вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Анжуманда таъкидланишича, эко-саноат парклари нафақат ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, балки бизнес, инвесторлар ва халқаро ҳамкорлар учун экологик, иқтисодий ва ижтимоий масъулият тамойилларига асосланган замонавий ёндашувларни жорий этиш имконини яратади. Ушбу ташаббус доирасида пилот ҳудудлар сифатида Ургут эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ва Фарғона механика кичик саноат зонаси (КСЗ) танланган бўлиб, мазкур ҳудудларда эко-саноат парклари концепциясини амалга ошириш бўйича дастлабки ишлар бошлаб юборилган.  

[gallery-23980]

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.  

Матбуот анжуманида лойиҳанинг асосий ютуқлари, амалий натижалари, халқаро тажрибалар ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, барқарор саноат сиёсати доирасидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.  

UNIDO эксперти, Глобал эко-саноат парклари дастури (GEIPP)нинг бош техник маслаҳатчиси Клаус Туркко ўз сўзида Ўзбекистонда бир ярим йил олдин бошланган ушбу лойиҳа барқарор саноат ҳудудларини яратишга қаратилганини таъкидлади.  

– Эко-саноат парклари фақат экологик ташаббус эмас. Улар орқали биз рақобатбардош ва хавфларга чидамли саноат ҳудудларини шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бундай ҳудудларда компаниялар иқтисодий қиймат яратиш ва янги иш ўринлари яратиш имконига эга бўлади. Маълумки, саноат ҳудудларида фаолиятларни бир жойга жамлаш орқали нафақат хавфлар, балки катта имкониятлар ҳам яратилади. ECO EXPO каби платформаларда биз айни шу имкониятлар, яъни ресурсларни тежаш, чиқиндиларни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш каби масалалар ҳақида маълумот бердик. Эко-саноат паркларида бундай мақсадларга компаниялар ўзаро ҳамкорликда ресурс ва хизматларни бирга бўлишиш орқали эришади. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир саноат парки маҳаллий жамоа, яъни туман ёки шаҳарнинг бир қисми бўлиб, у ердаги ҳокимлик билан сув таъминоти, чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик имкониятлари мавжуд. GEIPP доирасида биз айнан шу каби биргаликда ишлаш моделларини тарғиб қиляпмиз. Ўзбекистонда бу ёндашувни бошқа саноат ҳудудлари ва эркин иқтисодий зоналарда ҳам қўллаш орқали самарали, фаол ва инвестицияга очиқ саноат базаси яратиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва халқаро бозорлар учун жозибадор маҳсулотлар яратилишига олиб келади, – деди Клаус Туркко.  

Шунингдек, тадбирда лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни, ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, эко-саноат паркларини жорий этиш орқали барқарор саноат сиёсатини шакллантиришга қаратилган амалий натижалар муҳокамасига ҳам кенг урғу берилди.  

Эко-индустриал парклар (EIP) лойиҳасининг миллий алоқалар бўйича мутахассиси Бахтиёриддин Нуритдиновнинг сўзларига кўра, эко-саноат парклари  махсус бошқариладиган саноат ҳудудларидир. Улардаги корхоналар ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш, табиатга таъсирни камайтириш ва ижтимоий ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.  

– Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад саноатни экологик ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожлантиришдир. Бу орқали энергия, сув ва хомашё сарфини камайтириш, чиқиндиларни камайтириш ва қайта ишлаш, корхоналар ўртасида саноат симбиозини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда жамоатчилик ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш кўзда тутилган. Худди шу икки пилот ҳудудда 20 дан ортиқ корхоналарда Ресурс самарадорлиги ва тоза ишлаб чиқариш (RECP) бўйича таҳлиллар ўтказилди. Ҳар бир корхона учун энергия ва ресурс тежаш бўйича индивидуал тавсиялар тайёрланди. Шунингдек, саноат симбиози бўйича семинарлар, халқаро тажриба алмашинуви ва тренинглар ташкил этилди. Ҳозирги пайтда қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат ва техника саноати каби соҳаларда ишлаб чиқаришни экологиклаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда, – дея таъкидлади Б.Нуритдинов.  

Матбуот анжумани якунида маълум қилинганидек, жорий йил охирига қадар лойиҳанинг дастлабки натижалари бўйича миллий даражада семинарлар, сиёсатни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар, бизнес-режалар ва янги технологик ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири