English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими ривожланмоқда
16:13 / 2024-07-30

Мамлакатимизда фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш ҳамда адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кундаги ҳуқуқий фаолиятнинг ривожланган жараёнлари хусусида Тошкент давлат юридик университети Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси мудири ўринбосари Дилшодбек Нурумов қуйидагиларни гапирди.  

–Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддасига мувофиқ, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши қайд этилган. Малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқни ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган. Ушбу институтнинг 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси даражасида белгилангани унинг долзарблигидан далолат беради.  

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг 2024 йил 1 январь ҳолатига нисбатан иш фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларига кўра, тайинлов бўйича ишларда иштирок этиш сони 85 минг 399 та бўлиб, шундан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи томонидан ҳимоячидан воз кечиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларда иштирок этиш сони 30 минг 461 тани ташкил этган.    

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири Президентимизнинг жорий йил  24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши бўлди. Мазкур фармон билан адлия органларининг қўшимча фаолият йўналиши сифатида фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш белгиланди.  

Бундан ташқари, фармон билан 1 июлдан бошлаб фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинди.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилиниши белгиланди.  

Ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилиши қайд этилди.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги жамоат фондлари ҳисобидан «Мадад» ННТнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолиятини молиялаштириш учун давлат субсидиялари ажратиб бориладиган бўлди.  

Шунингдек, ташкил этиладиган ҳуқуқий маслаҳат бюроларини зарур компьютер техникалари ва мебель билан жиҳозлаш Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.  

Фикримизча, ушбу институтнинг тўлақонли ишга тушиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳар кимнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланишига қўйилган яна бир қадам бўлди.  

Шуни қайд этиш жоизки, мамлакатимизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида илк маротаба 2023 йил 16 июнь куни “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ҳам бу борада муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлигининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган.  

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.  

Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилди.  

Ишончимиз комилки, ушбу қонуннинг қабул қилингани ва амалда аниқ ҳамда тўлақонли ижро қилиниши инсонларнинг адвокатура институтига нисбатан бўлган ишончи ортишига, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқнинг тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.  

Гулноза Бобоева,  

ЎзА