English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда босқичма-босқич 1 минг 250 та «ақлли синф» ташкил этилади
16:51 / 2024-08-22

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея Республикасининг«Hancom Group» компанияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда томонлар Ўзбекистон Республикаси мактаблари ва олий таълим муассасаларида «ақлли синфлар» ташкил этиш, шунингдек, IT-технологиялар ва корейс тилини ўқитиш таълим марказини очиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа юзасидан сўз юритди. 

Таъкидланганидек, 1989 йилда ташкил этилган «Hancom Group» компанияси офис дастурларини ишлаб чиқиш ва тарқатиш билан шуғулланади. Унинг "Hancom Academy" шўъба корхонаси сунъий интеллект ва дронлар билан ишлашни ўз ичига олган илғор технологияларни ўргатиш учун онлайн платформани бошқаради. 

Мазкур лойиҳа доирасида «Hancom Group» компаниясининг инвестициялари ҳисобидан 2024 йил охиригача Ўзбекистон Республикасининг 43 та мактаби, 7 та олий таълим муассасаси ва 1 та техникумида 66 та «ақлли синф», шу жумладан, Тошкент шаҳрида 44 та, Андижон вилоятида 1 та, Қорақалпоғистон Республикасида 21 та синф ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, "Hancom Academy"ни жалб қилган ҳолда, Тахиатош педагогика коллежи негизида IT-технологиялар ва корейс тилини ўқитиш бўйича таълим марказини очиш кўзда тутилган. 

Ушбу коллеж "Hancom Academy" бошқарувига ўтказилиб, замонавий компьютер техникаси ва техник ўқув қуроллари билан жиҳозланади. «Hancom Group» компанияси билан ҳамкорлик доирасида мамлакатимизда босқичма-босқич 1 минг 250 та «ақлли синф» ташкил этилади. Уларда талабалар IT-технологиялари соҳасида таълим олиши, шунингдек, корейс тилини ўрганишига шароит яратилади. 

Ушбу таълим дастурларини муваффақиятли якунлаш талабаларга Жанубий Кореядаги олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва хорижда тегишли соҳаларда ишга жойлашиш имкониятини яратади. Шунингдек, унда педагог ходимларнинг малакасини ошириш ҳам назарда тутилган. Бу эса республикамизда таълим сифатини оширишда янада аҳамиятлидир. 

Учрашув якунида икки томон вакиллари лойиҳа доирасида галдаги режаларни келишиб олди. 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА