Мамлакатимизда арпа етиштиришда Жиззах вилояти етакчи
Бугунги кунда мамлакатимизда арпа этиштиришда замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига сифатли ва мўл ҳосил олишга катта аҳамият берилмоқда. Арпа этиштиришда янги навларнинг яратилиши, уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда экиш муддатлари ва меъёрлари, ўғитлаш тизими, суғориш муддати ва меъёрлари ҳисобига дон ҳосилдорлиги ҳамда сифати ошириб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида республикамизда жами 82 минг тонна арпа етиштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 28,6 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида етиштирилган арпа ҳажмига аҳамият берадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси 0,1 минг тонна, Андижон вилояти 0,2 минг, Бухоро 3,1 минг, Жиззах 32 минг, Қашқадарё 12,6 минг, Навоий 2,9 минг, Наманган 0,3 минг, Самарқанд 6,5 минг, Сурхондарё 7,8 минг, Сирдарё 10,8 минг, Тошкент 4,6 минг, Фарғона 0,9 минг ҳамда Хоразм вилояти 0,2 минг тонна арпа етиштирган.
Бундан кўринадики, арпа етиштиришда Жиззах вилояти етакчилик қилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА