Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида ўтказилган халқаро анжуман “Semurg Insurance” компаниясининг агросуғурта соҳаси бўйича эришган ютуқ, тажриба ва имкониятларига бағишланди.
“Semurg Insurance” компанияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик соҳа мутахассислари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон агросаноати иштирокчиларига жаҳоннинг илғор тажрибасини тақдим этиш, таваккалчиликлар менежменти ва суғурта нуқтаи назаридан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғи самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ҳосилни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалиги сифатини оширишда суғурта имкониятларининг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори Камолиддин Толипов тақдимотида қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин эгаллаши ва ялпи ички маҳсулотнинг 28 фоизини таъминлашини қайд этди.

– Иқтисодиётнинг бундай муҳим тармоғига давлат томонидан доимо алоҳида эътибор ва масъулият билан қаралмоқда, – деди К.Толипов. – Бироқ мамлакатимиз ноқулай иқлим шароити бу соҳа ишлаб чиқарувчилари учун қийинчиликлар туғдирмоқда. Аксига олиб, касаллик ва зараркунандалар ҳам ҳосилга катта зиён етказади. Буларнинг барчаси агросаноат соҳасига кучли таъсир кўрсатиб, суғурта ҳимоясига алоҳида ёндашувни талаб этади. Бу масала, айниқса, пахта ва дон ҳосили учун долзарб ҳисобланади. Иқлим ва бошқа ҳолатлардан ҳимояланиш учун барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари ва агросаноатнинг бошқа хатарларига мўлжалланган суғурта ечимлари мавжуд. «2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси» амалга оширилмоқда ва унда “Қишлоқ хўжалигини суғурталаш” каби муҳим банд киритилган. Ташкил этилган халқаро анжуман шу жиҳатдан аҳамиятли ва долзарбдир.
Тадбирда Ўзбекистонда ғўза ва кузги ғаллани суғурта қилишда “Semurg Insurance”ни қўллаб-қувватлаётган “Swiss Re”, “Hannover Re”, “Scor Re”ва“Axis Re” каби Швейцария, Франция ва Германиянинг энг йирик қайта суғурталаш компаниялари вакиллари иштироки ҳамда уларнинг тажрибаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятида амалий ёрдам беради.

“Semurg Insurance” кузатув кенгаши раиси ва “Challenge Group”бош директори Георгий Лавришев ҳосилни ҳимоя қилиш бўйича янги суғурта маҳсулот ҳақида тўхталиб ўтди. 2021 йилда “Semurg Insurance” компанияси дунёнинг энг йирик қайта суғурталовчиси ва аграр соҳадаги таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш бўйича жаҳонда етакчи бўлган Швейцариянинг “Swiss Re” компанияси билан биргаликда янги суғурта маҳсулотини яратди. Маҳсулотнинг вазифаси нафақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига ҳосил нобуд бўлганда тўлов олишга ёрдам бериш, балки бошидан таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган.
– Албатта, бугунги анжуман барчамиз учун қизиқарли ва баҳсларга бой бўлди, – деди Г. Лавришев. – Агросаноат мамлакатингизда етакчи тармоқ ҳисобланади. Шу сабабли, агросуғурта соҳасидаги халқаро тажрибалар муҳимдир. Россия давлати бу борада катта тажрибага эга. У ушбу соҳада ўзига хос синовлардан ўтган. “Semurg Insurance” компанияси ҳақида тўхталсак, ўтган 15 йил давомида кўплаб давлатларда фаолият юритдик, ўргандик, изландик ва натижаларга эришдик. Бугун эса биз ўз имкониятимизни Ўзбекистон агросаноати ривожи йўлида таклиф этмоқдамиз.

Таъкидланганидек, суғуртанинг бундай шакли банк ва унинг кредитларини эмас, балки бевосита аграр ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини, уларнинг бизнеси ва даромадларини ҳимоя қилади. Ушбу маҳсулот катта зарар билан бизнесни тарк этиш эмас, балки суғурта ҳодисасидан кейин тикланиб олишга ёрдам беради. Мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ва ЯИМнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анжуманда Германиянинг “InsuResilience” фонди вакили Олена Сосенко, шунингдек, “InsuResilience” фондининг инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Марсель Андриессе, “AXIS Re” компанияси агросаноатни қайта суғурталаш департаменти раҳбари Майкл Лэйхи ва бошқалар жаҳон агросуғурта бозори тажрибаси билан ўртоқлашди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА