Тошкентда “Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш” мавзусидаги III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбатининг биринчи кунги тадбирлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга маҳаллий ва хорижий экспертлар, масъуллар, мутахассислар иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари- иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, ОТБнинг Бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик офиси раҳбари Такео Койке ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмини кенг жорий этиш ва бу йўналишни стратегик даражада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Кейинги пайтда ДХШ мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларига, хусусан, инфратузилмавий лойиҳаларга хусусий капитални жалб этиш, инновацион ёндашувларни олиб кириш ва шу орқали давлат харидининг самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий инфратузилмавий муаммоларга ечим топишнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Қайд этиш керакки, бугунга қадар 34 миллиард АҚШ доллари қийматдаги 2 800 та ДХШ лойиҳаси турли босқичларда амалга оширилмоқда. Албатта, бундай натижадорликка эришишнинг асосий омили соҳани ривожлантиришда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлардир.
[gallery-26304]
Тадбирда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзоқов қайд этганидек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган иқтисодий ўсиш мақсадлари ва 2030 йилгача 30 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ДХШ лойиҳалари дастурини амалга ошириш йўлида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, янги молиявий ечимлар ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим масалалар ҳисобланади.
–Сўнгги пайтда мазкур дастур бўйича энергетика, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Бироқ ДХШ дастурлари афзалликларга эга бўлса-да, улар билан боғлиқ хавфлар ҳам мавжуд. Шу нуқтаи назардан, лойиҳаларнинг муҳимлигига асосан белгилаш масаласи турибди. Улар сони кўпайган сари мониторинг жараёни ҳам муҳим аҳамият касб этяпти. Ҳар бир шартномада хусусий сектор ва давлат сектори ўз масъулиятини олади. Аммо ҳозирги кунда тахминан 500 та лойиҳа мавжуд бўлиб, уларни доимий равишда текшириб бориш деярли имконсиз вазифа ҳисобланади. Бу муаммони ҳал этишда рақамлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, ДХШ соҳасида рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, вазирлик томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини бошқаришнинг ягона электрон платформаси, яъни “ppp.imv.uz” ишга туширилади. Унинг асосий мақсади лойиҳалар сифати ва инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, уларнинг молиявий ва институционал барқарорлигини таъминлаш, соҳада сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда ташаббусдан амалга оширишгача бўлган жараённи самарали ва тежамкор бошқаришни йўлга қўйиш. Мазкур платформа 2026 йил 1 январдан тўлиқ иш режимида фаолият юритади, – деди у.
ОТБнинг Бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик офиси раҳбари Такео Койкенинг сўзларига кўра, ушбу давра суҳбати ДХШ фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим мулоқот майдони.
–Бизнинг мақсадимиз транспорт, сув, энергия ва ижтимоий секторларда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари учун янги портфелни ривожлантириш орқали тахминан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хусусий инвестицияларни сафарбар қилиш. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда янада кўпроқ лойиҳа портфелини ривожлантиришга тайёрмиз. Осиё бўйлаб замонавий ва иқлимга барқарор инфратузилмага бўлган талаб жадал ўсмоқда. Шу билан бирга, давлат ресурслари чекланган ҳолда қолмоқда. Шу вақтда инвесторлар узоқ муддатли барқарор ва самарали имкониятларни қидирмоқда. ДХШ модели айнан шу нуқтада муҳим аҳамиятга эга.
ДХШ хусусий капитал ва билимни давлат хизматлари кўрсатишига йўналтириб, манфаатларни уйғунлаштиради, рискларни самарали тақсимлайди ва халқ учун қийматни оширади. Бу имкониятларни амалга ошириш учун ДХШ лойиҳалари ишонч, очиқлик ва давлат ҳамда хусусий сектор ўртасида риск ва фойдани тенг тақсимлашга асосланиши лозим. Шунинг учун ҳукумат, инвесторлар, молиячилар, маслаҳатчилар ва операторларни бирлаштирувчи мазкур давра суҳбати жуда муҳим аҳамиятга эга, – деди Такео Койке.
Тадбир давомида бир қатор муҳим меморандум ва ҳужжатлар имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА