Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда 30 минг гектар ерда маданий кавракзорлар ташкил этилади
15:13 / 2022-05-26

Кейинги пайтларда катта даромад манбаи бўлган каврак ўсимлиги ва хомашёсидан назоратсиз, режасиз ҳамда нотўғри фойдаланиш натижасида каврак табиий майдонлари анча қисқарди.

Ўрганишларга кўра, табиий каврак майдонлари 2019 йилда 33 минг гектар бўлган бўлса 2021 йилда 17 минг гектарга камайиб кетган. Олинган шира ҳажми ҳам 2019 йилда 104 тонна ўрнига 2021 йилда 50 тоннага тушиб қолган. Шу кунларда кавракчиликни ривожлантириш ва ундан унумли фойдаланиш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Кавракчиликнинг истиқболлари хусусида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов қуйидагиларни гапириб берди. 

– Давлатимиз раҳбари шу йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ушбу долзарб масалага яна бир бор эътибор қаратиб, юртимизда каврак етиштириш, ундан қимматбаҳо хомашё олишни саноат миқёсига олиб чиқиш зарурлигини соҳа мутасаддилари олдига аниқ вазифа сифатида қўйди, – деди Баҳром Шарипов. – Шундан сўнг, Президентимизнинг жорий йил 27 апрелдаги “Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон кавракни етиштиришдан то тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш, сотиш бозорларини кенгайтиришгача бўлган жараёнларда давлат кўмагини кенгайтиришга қаратилган. 

Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларда кавракчалик кластерларини ташкил қилиш ва кўчатчилик хўжаликларини ташкил қилиш, шунингдек, кластерлар томонидан йиғиб олинган хомашёни қайта ишлаш, махсулотнинг четдан импорт қилинадиган материаллари ва ускуналарни олиб киришда давлат божларидан озод қилиш, янгидан маданий плантациялар ташкил қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда йиғилган хомашёни ярим тайёр маҳсулот қилиб экспорт қилиш ҳажми оширилиши белгиланди. 

Фармон билан Ипакчилик ва жун саноати ривожлантириш қўмитаси ҳамда «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмасига ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаш, маданий каврак плантацияларини ташкил этиш, кавракни қайта ишлаб тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича тизим яратиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, «Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар» уюшмаси «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмасига қўшилади. 

Иккита уюшманинг қўшилиши натижасида яхлит тизим шаклланади. Хусусан, ҳудудлардаги маданий каврак плантациларининг мониторингини юритиш, маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, бозор конъюнктурасини ривожлантириш шу яхлит тизим орқали шакллантирилади. 

2022 йил 1 июнга қадар Бухоро Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида каврак етиштириш ва йиғиш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари ва каврак кўчатчилиги хўжалигини бирлаштирувчи кооперация усулидаги кавракчилик кластерлари ташкил этилиши белгиланган. Бу борада ҳозирча ҳар бир вилоятда олтитадан ташаббускор бўлиб, 2026 йилгача 39 миллион доллар миқдорда инвестиция киритиш, 14 минг 210 та янги иш ўринларини яратиш, 30 минг гектар майдонда кавракни маданий усулда кўпайтириш режалаштирилган. 

Бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади. Жорий йилда 6 минг гектар ерга маданий кавракзорлар, шундан 5 минг гектари уруғ сепиш йўли билан ташкил қилинади. 100 гектар майдон кўчат экилади. Уруғни йиғиб олишдан экиш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишгача бўлган жараённи ўз ичига олган аниқ бир занжирли тизим яратилади. Шу билан бирга, соҳада ишларни режали ва асосли ташкил қилишга сабаб бўлади ва ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди. 

Таҳлилларга кўра, жаҳон бозорида 1 килограмм каврак ширасининг ўртача нархи 150-200 АҚШ доллар бўлиб, маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан 47-50 доллардан экспорт қилинмоқда. Ваҳоланки, каврак ширасини қайта ишлаб зираворлар тайёрлаш орқали бу қийматни 5 баробарга ошириш мумкин. 

Ҳиндистон, Хитой ва Франция давлатлари каврак хомашёсидан доривоситалари, эфир мойлари ва турли зираворлар ишлаб чиқариб йилига 8,7 миллиардгача даромад қилади. Каврак маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги йиллик айланмаси эса 17 миллиард долларниташкил этади. Мамлакатимизда 2021 йилда 170 тонна ёки 8 миллион долларлик каврак хомашёси экспорт қилинган. Ўзбекистонда кавракчиликни ривожлантириш учун инвесторларга ҳам қулай муҳит яратилган. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида кавракни қайта ишлаш ва кўпайтириш корхоналари яратилади. 

Амалдаги тартибга мувофиқ, республикамизда хорижий субъектлардан 1 килограмм сассиқ каврак ширасини йиғиб олганлик учун 2 доллар, тожик каврак шираси учун 9 доллар тўлов ундирилади. Эндиликда ушбу тўлов миқдори сассиқ каврак ширасининг бир килограмми учун 4 бараварга, тожик кавраги ширасининг 1 килограмми учун икки бараварга оширилади. 

Бу тўловларнинг оширилишидан тушган маблағларнинг 50 фоизи Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Қолган 50 фоизи эса Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасига юборилади. Бу жамғармалардаги маблағлар Мўйноқ туманини тубдан ислоҳ қилишга, шароитларини яхшилашга сарфланади. Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасидан тушадиган маблағлар эса субсидиялар ажратишга йўналтирилади. Бунда тадбиркорларни кўп йиллардан буён қийнаётган муаммоларининг олди олинади. 

2022 йил 10 майдан бошлаб, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги ерларда ёввойи ҳолда ўсувчи кавракни йиғиш ва тайёрлаш учун квоталар Фанлар академиясининг хулосаси асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланиши белгиланган. Қўмита томонидан мазкур квоталар доирасида каврак хомашёсидан махсус фойдаланиш ҳамда чет элга олиб чиқиш учун рухсатномалар берилади. Ёввойи кавракни ғамлаш ва четга олиб чиқиш учун рухсатномалар квотанинг камида 50 фоизга тенг маданий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилади.  

Шунингдек жорий йил 1 майдан 5 йил муддатгача каврак уруғини юртимиздан олиб чиқишга рухсатномалар берилиши тўхтатилди. 1 июндан бошлаб эса 3 йил давомида асосий фаолияти каврак етиштириш бўлган тадбиркорлик субъектларига фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари 50 фоизга камайтирилади. Каврак ўсимлигини етиштирувчилар ва қайта ишловчилар томонидан хориждан импорт қилинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ва материаллар божхона божидан озод этилади.  

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси каврак экспорти мониторингини юритиш ва миқдорини ошириб боришга масъул ҳисобланади. Қўмита ҳузуридаги Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасига ҳудудларда тик қудуқлар ҳамда сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, ташкил этиладиган маданий плантациялар учун ерларни тайёрлаш каврак кўчатини харид қилиш ва экиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар бериш бўйича вазифалар юклатилди. 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармон юртимизда ёввойи каврак ўсимлигининг табиий захираларини сақлаш, кўпайтириш, қайта ишлаш корхоналари ва уй хўжаликлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш орқали аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади. 

Гулноза Бобоева, ЎзА