Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда 185 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда
15:00 / 2024-03-26

Юртимизда кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу эса қурилиш материалларига бўлган талабни янада оширади. Шу сабабли, бугунги кунда ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони ҳам ошиб бораётир.

Таҳлилларга кўра, 2016 йилда соҳада 8,1 мингта корхона фаолият кўрсатган бўлса, 2024 йилга келиб ушбу кўрсаткич 12,2 мингтага етган. Ҳозир улар томонидан 185 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.  

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати Жамшид Шерметовнинг маълум қилишича, 2024 йил январь-февраль ойларида 1,7 миллион тонна цемент, 3,8 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 4,1 миллион квадрат метр керамик плитка, 8,2 миллион квадрат метр гипсокартон, 452 минг ўрам обой ишлаб чиқарилди.  

– Шунингдек, ўтган ҳисобот даврида янги турдаги, энергия тежамкор қурилиш материалларидан 86 минг метр куб газобетон, 504 минг квадрат метр линолеум, 6,7 минг тонна иссиқлик сақловчи плиталар тайёрланди. Ўтган 5 йил давомида тармоқда инвестиция жалб қилиш, хусусан, хорижий инвестицияларни йўналтириш 2,1 баробарга ортди. Асосан, мамлакатимиздаги қурилиш материаллари саноатига Хитой, Россия, Туркия, Эрон, Қозоғистон каби давлатлардан инвесторлар қизиқиши ортмоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида 2 миллиард долларлик 420 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Натижада янги қувватлар яратилди, импорт ўрнини босувчи, янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Энг муҳими, 14 минг 200 та иш ўрни яратилди. Қурилиш материаллари саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари етакчи саналади, – дейди Ж.Шерметов.  

Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «madе in Uzbekistan» ёрлиғи остидаги қурилиш материалларига нафақат қўшни давлатларда, балки Европа ва Осиё минтақасида ҳам талаб ошмоқда. Ўтган 5 йил давомида экспорт ҳажми деярли 4,7 баробарга ошди. 2016 йилда 60 миллион долларлик қурилиш материаллари 23 та мамлакатга экспорт қилинган бўлса, 2023 йилда 654 миллион долларлик маҳсулотлар 58 та давлатга етказилди.  

Чет давлатларда савдо уйларини очиш ушбу соҳа равнақида муҳим ҳисобланади. Шунга асосан 2023 йилда илк «made in Uzbekistan» савдо уйи Озарбайжон давлати пойтахти Боку шаҳрида очилган эди. Жорий йилда Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларида ҳам ана шундай савдо масканларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.  

 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА