Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси умумий мунозарасида сўзга чиқди.
Делегациямиз раҳбари ўз нутқида БМТнинг глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги марказий ролини кучайтириш муҳимлигини, шу билан бирга, Ташкилотнинг ўзи ҳам содир бўлаётган ўзгаришларга самарали жавоб бериш учун ривожланиши кераклигини таъкидлади.
— Ҳеч бир мамлакат глобал хавф ва қийинчиликдан қочиб қутула олмайди ёки уларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Инқирознинг хавфли спиралидан чиқиш барча мамлакатлар манфаатини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқотда, кўп томонлама ҳамкорликда кўринади. Дунё янада барқарор, башорат қилинадиган бўлиши ва гуллаб-яшнаши учун самарали халқаро ҳамкорлик зарур, - деди В.Норов.
Тамаддунлараро ва маданиятлараро мулоқотни ўрнатиш, ҳар қандай муаммога изчил ёндашув, ечим излаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган таҳдидни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик бугун заруратга айланиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусини илгари сурди.
Бундан кўзланган мақсад халқаро муносабатда ўзаро ишонч ва барқарорликни тиклашга кўмаклашиш, шунингдек, геосиёсий рақобат, мафкуравий қарама-қаршилик ва тортишувдан холи кенг мулоқотни йўлга қўйиш орқали бирдамликни мустаҳкамлашдан иборат.
2023 йили Самарқанд форумида мамлакатимиз етакчиси ташаббусини амалга ошириш масаласини биргаликда кўриб чиқиш таклиф қилинди.
ЎзА