Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади
11:59 / 2023-08-11

Мамлакатни ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли дастур бешта устувор йўналишни ўз ичига олган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Бунда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми сифатида Ўзбекистоннинг яна бир истиқболли дастури, Давлат инсон учун деган тамойилни илгари сурувчи, халқчил, тарихий ҳужжат Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Ушбу дастурда белгиланган барча ислоҳотлар аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши белгилаб берилди. Яна бир муҳим воқелик мамлакатимизнинг келгуси 7 йилда асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари эълон қилинди.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши 44 та мақсадни ўз ичига олган бўлиб, бунда таълим тизими, аҳоли саломатлигини таъминлаш, ёшлар сиёсати, ижтимоий масалалар, маънавият соҳасидаги ислоҳотларга эътибор қаратилган. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида эса асосан иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш, бунда аҳоли даромадларини ошириш, саноатнинг энг илғор соҳаларини ривожлантириш, банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, ташқи ва ички туризмни ривожлантириш каби 17 та мақсадлар ўрин олганлигини кўришимиз мумкин.  

Яна бир устувор йўналишлардан бу, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишдаги вазифалардир. Стратегия лойиҳасида ушбу йўналишда энг долзарб мақсадлардан сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ҳисобланади, шунингдек, тизимда “Яшил энергия” технологияларини кенг жорий қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш тизимидаги ислоҳотлар ҳам мамлакатдаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммоларнинг салбий таъсирини олдини олиш каби 12 та муҳим мақсадлар ўрин олган. Шу билан бирга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳаларида муддатлар ва ижрочилар кесимидаги амалий вазифалар, эришиладиган аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва стратегияни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ҳам тасдиқланмоқда.  

Муҳтарам Президентимиз яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловидаги сайловолди дастурларида кейинги 7 йилда таълим ва тиббиёт тизимини тубдан ривожлантириш борасида аниқ мақсадли режаларни эълон қилган эди. Айнан дастурда билдирилган ушбу йўналишлардаги фикрлар, режалар, таклифлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида акс эттирилиб, энг биринчи навбатда таълим ва тиббиёт тизимидаги ислоҳотларга асосий эътибор қаратилмоқда. Педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида  минг нафар тарбиячи ва ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, бошланғич синф ўқитувчиларининг ўқув юкламасини 16 соат, юқори синф ўқитувчиларига эса 18 соат этиб белгилаш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул мактаб автобусларини йўлга қўйиш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Стратегия лойиҳасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласи ҳам давлатнинг энг устувор вазифалари сифатида кўрилмоқда. Бунда, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, онкологик касалликлар кўрсаткичларини камайтириш, ҳар йили икки маротаба 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш ва аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги муҳим мақсадли кўрсаткичлар киритилмоқда.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг ҳар бир банди мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз манфаатларига хизмат қилади. Демакки, бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз учун жуда муҳим дастур ҳисобланади. Шундай экан бу жараёнларда ҳар бир юртдошимизнинг фаол иштирок этиши муҳим ҳисобланади. regulation.gov.uz ҳамда 2030.strategy.uz порталлари орқали ёки ўз ҳудудларидан сайланган депутатлар орқали ўзларининг таклиф-ташаббусларини, фикрларини йўллаш имконияти мавжуд.  

Ҳамза Рўзиев,  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Бухоро вилояти бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгаши депутати. 

ЎзА