Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари ҳамда мамлакатимиз университетлари ректорларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Теҳронда бўлиб ўтган “Iran Lab-2024” 11-халқаро кўргазмасида иштирок этди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур кўргазма Эроннинг юқори сифатли лаборатория асбоб-ускуналари ва кимёвий моддалари билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Жорий йилги кўргазмада 450 дан ортиқ компания қатнашди ва 10 мингдан зиёд маҳсулот тақдим этилди. Жумладан, умумий лаборатория жиҳозлари, лаборатория материаллари, нефть-кимё саноати, электр энергияси, электроника, дастурий таъминот, биотиббиёт муҳандислиги ва биоматериаллар, механика ва металлургия, умумий физика, қишлоқ хўжалиги ва экология, стратегик технологиялар соҳасидаги машина ва ускуналар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазма доирасида Эрон томони билан икки томонлама музокаралар ўтказилди. Мулоқот жараёнида икки томонлама илм-фан йўналишидаги ҳамкорлик қўллаб-қувватланди. Келгусида ҳамкорликда илмий лойиҳалар ҳамда қўшма стартаплар танловлари ташкил этилади. Шу билан бирга, Эрон томони Тошкентда Эрон инновациялар ва технологиялар уйи билан биргаликда истиқболли йўналишларда технологиялар трансфери лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси вакиллари Шариф технологиялар университети, Аллома Таботабои университети, Шаҳид Беҳешти университи, Теҳрон университетларига ташриф буюрди. Ташриф давомида университетлар ўртасида илмий стажировкалар, илмий қўшма лойиҳалар, ҳамкорликда халқаро семинар ва конференциялар ўтказиш ҳамда кадрлар алмашинуви тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Аллома Таботабои университети Ўзбекистонга ижтимоий йўналишлардаги талабалар ҳамда докторантлар учун грантлар ажратишга тайёрлигини маълум қилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА