Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимиз солиқ сиёсатида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида
17:41 / 2022-04-22

Жорий йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бу ҳақда 2022 йил 8 апрель куни эълон қилинган “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Президент фармонида қайд этилган.

- Мамлакатимизда барқарор иқтисодиётни таъминлаш, камбағалликни қисқартишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг қилиш бўлими бош инспектори Хуршидбек Баҳодиров. - Бундай ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатини таъминлашни назарда тутади. Солиқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектини солиққа тортишдаги номутаносибликни қисқартириш борасида олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Юқоридаги фармон ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони билан хорижий давлатлар фуқаролари учун кўчмас мулк объектига инвестиция киритиш тартибига ҳам ўзгариш киритилди. Ҳужжат мазмуни ер участкаларига тааллуқли эмас. Таъкидлаш жоиз, кўчмас мулк объектини сотиб олиш хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтиш ёки яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлолмаслиги ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан солиқ соҳасига оид кўплаб янгиликлар жорий этилиб, солиқ тўловчилар учун бир қатор енгилликлар яратилди. Жумладан, амалдаги Солиқ кодексига мувофиқ, норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан оладиган даромади бўйича жисмоний шахсдан олинадиган даромад солиғи ставкаси 20 фоизни ташкил этарди. 2022 йил 1 майдан бошлаб, мазкур ставкани 12 фоиз миқдорида белгилаш юзасидан Солиқ кодексига тегишли ўзгариш ва қўшимча киритиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, чекланган субъектга татбиқ этилаётган солиқ ва божхона имтиёзи тармоқдаги барча субъектлар учун татбиқ этилади.

Мазкур фармон асосида қатор имтиёзлар бекор қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари маблағи ҳисобидан олинадиган товарлар бўйича солиқ ва божхона имтиёзи бекор қилинди. Қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, жисмоний шахсдан олинадиган фойда солиғи, юридик шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, акциз солиғи, ижтимоий солиқ ва божхона имтиёзи босқичма-босқич бекор қилиниши назарда тутилмоқда.

Қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларни кафолатланган хом ашё базаси билан таъминлаш мақсадида ҳам қатор чоралар кўриш белгиланган. Жумладан, иқтисодиётнинг драйвер тармоқлари, хусусан, тоғ-кон, нефт-газ, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларни кафолатланган хом ашё базаси билан таъминлаш учун геология-қидирув ишига, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнига хорижий инвестор жалб қилишни жадаллаштириш, минерал хом ашё базаси захирасини кўпайтириш белгиланмоқда.

Хуршидбек Баҳодировнинг таъкидлашича, хорижий мамлакатда амалга оширилган солиқ соҳасидаги ислоҳот амалиёти шундан далолат берадики, солиқ юкини камайтиришга қаратилган чора тадбирларнинг дастлабки босқичида бюджет даромади камайиши кузатилади. Кейинчалик эса иқтисодий ўсиш суръати жадаллашади, корхоналар ва аҳоли томонидан даромадни яшириш ҳолатлари йўқолади, давлат бюджети тушуми тикланиб боради.

Демак, оқилона солиқ сиёсати юритилиши ҳамда солиқ юки пасайтирилиши солиқ тўловчининг айланма маблағи кўпайишига олиб келади. Натижада мамлакат иқтисодиётини самарали ривожлантириш имкони яратилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири