Қувада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз ривожланишининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда.
Йиғилишда ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат ва садоқат, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ва шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида Қўқон ва Марғилонда нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳларини тузиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилганлар ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, тарбияси оғир ёшларни тўғри йўлга солиш, адашган, мураккаб вазиятга тушиб қолган ёшларга ўз ўринини топишида ёрдам бериш, уларни маърифатга чорлаш, маънавиятини юксалтириш бўйича тажриба яратилса, бу бутун республикага намуна бўлишига ишонч билдирди.
Йиғилишда вилоят ва республика мутасаддиларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.
ЎзА