Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича PIRLS ва PISA халқаро тадқиқотлари олдидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари мазкур жараёнларга тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Жорий йилда ўтказиладиган PIRLS халқаро баҳолаш дастурида 60 дан ортиқ давлат қаторида илк маротаба мамлакатимиз ўқувчилари ҳам қатнашади. PIRLS ва PISA тадқиқотларида иштирок этувчи мактаблар ва ўқувчилар тасодифийлик тамойиллари асосида танланди. Бунда мактаблардаги таълим тили, шаҳар ёки қишлоқда жойлашганлиги ва ўқувчилар сони каби мезонлар ҳам инобатга олинди.
PIRLS тадқиқотлари Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан ўтказилиб келинаётган бўлиб, 4-синф ўқувчиларининг ўқиб тушуниш кўникмасини халқаро даражада баҳолашга қаратилган.
Жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган PIRLS тадқиқотларида республикамиздаги 180 та мактабда таҳсил олувчи 5 948 нафар 4-синф ўқувчилари ҳамда уларнинг ота- оналари, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари иштирок этиши кўзда тутилган. PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёнида 83 та мактаб ва улардаги 4800 дан ортиқ 15 ёшли ўқувчининг қатнашиши белгиланган.
PIRLS асосий тадқиқоти қоғоз шаклида ўтказилади ва унда 4-синф ўқувчилари матнни ўқиб тушуниш даражаларини баҳоловчи тест топшириқларини бажаради ҳамда таълимга қизиқиши, уй ва мактаб шароитлари тўғрисидаги шахсий фикрларини намоён этувчи ўқувчи сўровномасини тўлдиради.
PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёни эса компьютерда электрон тарзда ўтказилади ва унда ўқувчилар математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлашларини баҳоловчи тест топшириқлари бажарадилар.
Белгиланган тадқиқотлар учун мактаблар ва уларда таълим олувчи ўқувчилар ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида Миллий марказга тақдим этиш ҳамда тегишли мактабларда тадқиқот жараёнларига сифатли тайёргарлик кўрилишини таъминлашда масъул сифатида ҳар бир мактабдан координаторлар белгиланиб, тадқиқотларни муваффақиятли ўтказиш мақсадида улар билан доимий равишда ҳамкорлик амалга оширилиб келинмоқда.
– Ушбу ҳамкорлик алоқалари ва тадқиқот жараёнларини тизимли тартибга олиш мақсадида халқаро талабларни инобатга олиб, тадқиқот доирасида фойдаланиладиган қўлланмалар, яъни тест администратори қўлланмаси, мактаб координатори қўлланмаси, тест ўтказиш сценарийси, йўриқнома ва турли баённома ва қайдномаларнинг намунавий шакллари ишлаб чиқилди, – дейди Таълим инспексияси ҳузуридаги таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Абдували Исмоилов.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 4 номдаги методик қўлланмалар 40 000 нусхада чоп этилиб, ҳар бир мактаб кутубхонасига етказилган. Шунингдек, PISA ва PIRLS дастурлари бўйича 2000-2015 йилларда ўтказилган тадқиқотлар доирасида берилган саволлар намуналари, уларнинг ечимлари ва баҳолаш мезонларидан иборат ахборотноманинг 1 ва 2 сонлари тайёрланиб, 450 нусхадан чоп этилди ҳамда таълимни бошқарув органлари ва барча таянч мактабларга етказиб берилди.
Умуман, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўқитувчи ва ўқувчилар учун 21 номдаги ўқув-услубий қўлланма ва топшириқлар тўпламлари, 130 га яқин видеодарслар тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА