English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимиз енгил саноати салоҳиятининг намойиши
19:34 / 2014-09-10

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2014” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan – 2014” халқаро кўргазмалари очилди.


Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2014” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan – 2014” халқаро кўргазмалари очилди.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси, Савдо-саноат палатаси, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида “ITE-Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва “ITE” компаниялари гуруҳи (Буюк Британия) томонидан ташкил этилди. 

Очилиш маросимида “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси И.Ҳайдаров, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси раиси Х.Комилова ва бошқалар Ўзбекистон ҳақли равишда дунёда тўқимачилик саноати марказларидан бири эканини таъкидлади. Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида енгил саноатни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Мустақиллик йилларида тармоқни ривожлантиришга қарийб икки миллиард АҚШ доллари йўналтирилгани ўз самарасини бермоқда. 1991 йилда мамлакатимизда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 7 фоиздан ошмаган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил қилди. Тармоқнинг экспорт салоҳияти 130 баробар ошиб, жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми бир миллиард долларга етиши кутилмоқда. 2015-2020 йилларда Ўзбекистон енгил саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу даврда ип ишлаб чиқаришни икки баробардан зиёд ва тайёрланаётган ип-газлама ҳажмини қарийб уч баробар ошириш режалаштирилмоқда.

Мамлакатимиз тўқимачилик корхоналарининг асосий қисмини ўзида бирлаштирган “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси олдига ҳам кенг кўламли вазифалар қўйилган. Мазкур компанияга қарашли корхоналар трикотаж полотноси ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб уч баробар, тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқаришни 138,6 миллион донадан 296 миллион донага, тикувчилик буюмларини 6,1 миллион донадан 20,1 миллион донага кўпайтиришни режалаштирган.

Ушбу концепцияда янги инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришга замонавий ускуна ва технологияларни жорий этиш кўзда тутилган. Тўққизинчи “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2014” ва ўн биринчи “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan – 2014” халқаро кўргазмалари эришилган ютуқларни намойиш этиш учун ўзига хос майдонга айланди.

Ўзбекистон ва Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Германия, Япония, Буюк Британия, Беларусь, Бельгия, Ҳиндистон, Италия, Люксембург, Нидерландия, Польша, Россия, Руминия, Словакия, Чехия, Туркия, Швейцария каби дунёнинг 22 давлатидан қарийб 250 компания ушбу икки кўргазманинг бирлашган экспозициясида ўз маҳсулотларини намойиш этаётир. Улар тўқимачилик ускуна ва технологиялари, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу умумий йирик экспозиция халқаро ишбилармонлик кооперациясини ривожлантириш масалаларини ҳал этиш учун қулай майдондир. Иштирокчилар сўнгги янгиликларни намойиш этиш асносида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришни кўзламоқда.

Хитойлик иштирокчилар ҳам ўз маҳсулотларини кенг намойиш этмоқда. Ушбу мамлакатнинг ўттизта компанияси тўқимачилик корхоналари ташкил этишда фойдаланиладиган кенг турдаги замонавий ускуна ва бутловчи қисмларни тақдим этган.

– Компаниямиз тўқимачилик ускуна ва технологияларини экспорт ҳамда импорт қилишга ихтисослаштирилган, – дейди Хитойнинг “China Texmatech” компанияси менежери Го Дунвэй. – Ўзбекистон билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб, CAITME кўргазмасида иштирок этиб келмоқдамиз. Ўтган давр мобайнида мамлакатингизнинг тўқимачилик саноатидаги салоҳияти сезиларли равишда ошганини қайд этишни истардим. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан йўлга қўйилган ишбилармонлик алоқаларини қадрлаймиз ва ташқи савдо фаолиятимизда уларга алоҳида аҳамият берамиз. 

Италия компаниялари жорий йилги кўргазмаларда илк маротаба иштирок этмоқда. Уларнинг маҳсулотлари Италия компаниялари ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантириш агентлиги томонидан ягона миллий стендда жамланган. Улар орасида юз йилдан кўпроқ вақтдан буён жаҳон бозорида фаолият юритиб келаётган “Bonino Carding Machines”, “Biancalani”, “Ratti Luino SRL” ва бошқа компаниялар бор.

– Бугунги кўргазмада тугма ишлаб чиқарадиган ускуна ва технологияларни намойиш этмоқдамиз. – дейди “Bonetti” компанияси менежери Эцио Тортелли. – Ўзбекистон енгил саноатда фойдаланиладиган кучли хомашё базасига эга. Шу боис тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасидаги салоҳиятини изчил ривожлантирмоқда. Бу Ўзбекистон тикувчилик буюмлари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтириш имконини беради.

“Техtile Ехро Uzbekistan” кўргазмасида йиллар давомида шаклланган анъанага кўра, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари стендида экспортга мўлжалланган юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Кўргазмада мамлакатимиз тўқимачилик саноати етакчилари билан бир қаторда “Ars Triomax” масъулияти чекланган жамияти, “Mighty Tiger”, “Textile Technologies Group” каби қўшма корхоналар ва бошқа компаниялар илк маротаба қатнашмоқда. 

– “TRIOBABY”, “AZZAZO” ва “TRIOMAX” савдо белгиси остида кенг турдаги болалар, аёллар ва эркаклар либослари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз, – дейди “Ars Triomax” масъулияти чекланган жамияти менежери Азиз Халилов. – Либослар дизайни мутахассисларимиз томонидан тайёрланади. Ички бозорда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлган компаниямиз маҳсулотларини энди экспортга чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Бугунги кўргазмаларда чет эллик иштирокчилар бизнинг стендга катта қизиқиш билдираётгани режаларимиз муваффақиятли амалга ошишига ишончимизни мустаҳкамлайди. 

“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2014” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan – 2014” халқаро кўргазмалари иштирокчилари географияси кенгайиб бораётгани ва экспозицияларнинг хилма-хиллиги тармоқни ривожлантиришда жаҳон тенденциялари ва сўнгги янгиликлардан фойдаланилаётгани ҳақида кенг тасаввурга эга бўлишга ёрдам беради. Бундай кўргазмалар эса халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, янги капитал қўйилмаларини жалб этишнинг самарали воситасига айланиб бормоқда.