Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимиз энергетика салоҳиятини ошириш йўлидаги муҳим қадам
21:44 / 2021-01-24

Бугун пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фолиҳ бошчилигидаги делегация иштирокида Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда икки давлат ҳукумати масъул вакиллари, жумладан инвестиция ва энергетика вазирликлари раҳбарлари, шунингдек “ACWA Power” компаниясининг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.

Айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда Саудиянинг “ACWA Power” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил март ойида йўлга қўйилган. Айни пайтгача имзоланган келишувлар доирасида мамлакатимизда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни 2500 МВтга ошириш лойиҳалари ижроси йўлида учта асосий босқич амалга оширилди.

Тантанали маросим доирасида жараённинг энг асосий воқеаларидан бири - Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлашга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фолиҳ икки мамлакат делегациялари аъзолари гувоҳлигида Ширин шаҳри билан видеоконференция орқали боғланиб, оқ фотиҳа тилаб рухсат беришди.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги энергетика соҳасидаги яқин ҳамкорлик мисли кўрилмаган истиқболли лойиҳалар, хусусан, инвестициявий қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларига тенг ва умумий қуввати 2 500 МВт бўлган учта йирик энергетика лойиҳаларига оид янги ишланмаларни ўз ичига олади. Мазкур шериклик доирасида Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станцияси қуриш ҳамда Электр энергиясини сотиб олиш бўйича иккита келишув (ЭСК), шунингдек мамлакатимиз Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси ўртасида иккита Инвестициявий келишув ҳам имзоланди.

Мазкур учта лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон энергетика қувватини бугунги кун талаби даражасида ошириш кафолати ҳисобланади. Зеро, 2030 йилга бориб юртимизда электр энергияси истеъмоли 110 миллиард кВт соатга етиши кутилмоқда.

- Қайд этилган босқичлардан ўтиш зиммамизга юклатилган мажбуриятларни бажараётганимиздан далолат, - дейди мамлакатимиз энергетика вазири Алишер Султонов. - Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш маълум вақт давомида турли ишланмалар ва инвестиция соҳасидаги юқори мақсадларга эришишни кўзда тутади. Режаларимизнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонга катта миқдорда инвестиция жалб қилиш ва мамлакатимиз энергетика мақомини ошириш имконини беради. Биз Саудия Арабистони билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Сирдарё ИЭС қурилишига старт берилиши, ЭСК ва Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида муҳим омил саналадиган Бухоро ва Навоий вилоятларидаги “Бош” ва “Жонкелди” шамол электр станциялари бўйича Инвестиция келишувлари имзоланиши энергетика тармоғини ислоҳ қилиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилишини рағбатлантириш йўлидаги муҳим ва салмоқли қадам, дейиш мумкин. Бу шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, хорижий инвестиция ҳажмини максимал даражада оширишга ҳам ҳисса бўлиб қўшилади.

- Биз, Саудия Арабистонининг етакчи компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли режасини амалга оширишда иштирок этаётганимиз билан фахрланамиз, - деди “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян. - Бу йўлда биз бир жамоа бўлиб меҳнат қиляпмиз, шу сабабли мен лойиҳа қурилиши бошланиши ва Ўзбекистон ҳукумати билан инвестициявий битимлар имзоланиши муносабати билан барча шерикларимизга миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Бу Саудия Арабистони Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий алоқаларга икки давлат раҳбарияти томонидан берилган юксак баҳо бўлди.

Қайд этиш ўринли, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси ўртасида водород энергиясини ривожлантириш бўйича алоҳида келишувга эришилди. Мазкур келишув Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда водород ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги илмий изланишлар орқали иссиқхона гази чиқиндиларини камайтиришга эришиш йўлида илк қадамдир. Айни муаммо БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси доирасида Париж битимида ҳам алоҳида таъкидланган.

Бир сўз билан айтганда, ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш, шунингдек энергетика секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, энг муҳими мамлакатимизнинг экологик тоза энергия соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА