Мактабгача таълим вазирлиги томонидан #wearethechildren мавзуидаги фототанловга старт берилди. Танловда юртимизнинг барча фотографлари иштирок этиши мумкин.
Танловнинг саралаш босқичи жорий йилнинг 12-30 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Энг яхши деб топилган фотосуратлар “Uzbekistan” фототўпламига киритилади ва 14-16 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон халқаро конференцияси доирасида ташкил этиладиган илк халқаро фотокўргазмага қўйилади. Шунингдек, ғолиблар Париждаги кўргазма экскурсиясида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритади.
Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган «пресс-кофе»да маълум қилинди.
Таъкидланишича, Тошкентда ўтказиладиган илк глобал фотокўргазмада дунёнинг олти нуқтасидан фотографлар иштирок этади. Кўргазма учун ишлар профессионал фотографлар, ЮНEСКО, Мактабгача таълим вазирлиги вакиллари ва конференция амбассадори Лола Йўлдошевадан иборат эксперт ҳакамлар ҳайъати томонидан танлаб олинади.
– Конференция амбассадори бўлиш мен учун катта масъулият ва муҳим вазифадир, – дейди Л.Йўлдошева. – #wearethechildren кўргазмасида болалар ҳаётимизнинг мазмуни эканлиги ҳикоя қилинади. Умид қиламанки, кўргазмада турли халқларнинг, дунё мамлакатларининг болаликни қандай тасаввур қилиши фотосуратларда акс эттирилади. Бу албатта, жуда ажойиб ва қизиқарли.
Шунингдек, «пресс-кофе»да кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мамлакатимизда ўтказиладиган мазкур халқаро форумда 193 мамлакатдан 1500дан ортиқ меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Унда давлатларнинг таълим бўйича вазирлари, таълим ва тарбия сиёсатини илгари сурувчи турли ташкилот вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирок этади. Шунингдек, ЮНEСКО бош директори Одри Азуленинг ташрифи кутилмоқда.
– Асосий мақсадимиз – жаҳон ҳамжамияти эътиборини мактабгача таълим билан боғлиқ долзарб масалаларга қаратиш, илғор тажрибаларимизни тақдим этиш, ҳамкасблар билан тажриба алмашишдир, – дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Энг муҳими, 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасидаги халқаро кун тартибини белгилаб берувчи болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларациясини имзолашдир. Конференция дастури тўрт асосий мавзу доирасида тузилган. Булар: инклюзивлик, сифат ва фаровонлик; кичик ёшдаги болаларни парвариш қилиш, педагогика ва кичик ёшдаги болаларни парвариш қилиш бўйича таълим ходимлари; сиёсат, бошқарув ва молия; дастурий таъминот инновацияси.
– Тез орада ўтказилиши режалаштирилган кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференцияси доирасида юқори даражадаги ялпи мажлислар, параллель сессиялар ва турли қўшимча тадбирлар ташкил этилади, – дейди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева. – Шунингдек, соҳага доир товарлар, хизматлар ва инновацион маҳсулотларнинг халқаро кўргазмаси, матбуот анжуманлари ва маданий тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Энг муҳими, мамлакатимиз бутун дунё мутахассислари учун мактабгача таълим муаммолари ва йўналишлари муҳокама қилинадиган майдонга айланади. Конференция якунида Тошкент декларацияси қабул қилинади. Гап шундаки, ушбу ҳужжатда мактабгача таълим соҳасида Ўзбекистон тажрибаси 2030 йилгача халқаро амалиётда қўлланилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА