Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси Қатарда жаҳондаги энг йирик “Web Summit Qatar-2024" технологик тадбирида иштирок этди.
Тадбир Яқин Шарқ мамлакатлари ичида биринчи марта Қатарда ташкил этилиб, унда 12 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Қатарда йилнинг энг йирик тадбири сифатида эътироф этилган ушбу тадбирда технология ва инновациялар соҳаларидаги сўнгги тенденциялар намойиш этилди.
Унда Amazon, TikTok, Meta (Facebook), Alibaba, Udacity, EY, Goldman Sachs, HSBC, Forbes, Government of Qatar, Qatar Investment Authority, Invest Qatar, Qatar Foundation, Qatar University, Terminus Technologies, 500 Global, Golden Gates Ventures каби йирик компаниялар иштирок этди.
Қатар Давлати Амири топшириғига мувофиқ Қатар Инвестиция агентлиги маҳаллий ва чет эл технологик ва инновацион стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 1 доллар млрд. сармоя киритиш режалаштирилгани маълум қилинди.
“Web Summit“ илк маротаба 2015 йилнинг ноябрида Ирландиянинг Дублин шаҳрида ўтказилган бўлиб, энг йирик глобал технологик саммит сифатида тан олинган. Мазкур тадбир ҳар йили дунёнинг етакчи компаниялари, инвесторлари, экспертлари ва янги технология яратувчиларини ҳамда стартап лойиҳалар муаллифларини йиғиб, уларга сармоядорларни жалб қилувчи платформа вазифасини бажариб келмоқда.
Ш.Отабоев, ЎзА