EURАMET (European Association of National Metrology Institutes) – Европанинг минтақавий ташкилоти бўлиб, 2007 йилдан Германияда ассоциация сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот Европа Иттифоқи ва Европа эркин савдо ассоциацияси мамлакатларининг 38 та миллий метрология институтини, шунингдек, 76 та ваколатли илмий марказ ва ташкилотларни бирлаштиради.
2025 йил июнь ойида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган EURАMET 19-Бош Ассамблеясида барча аъзолар томонидан Ўзбекистон миллий метрология институтининг халқаро ҳамкорликдаги фаолиятида Марказий Осиёдаги ягона Liaison Organization (ҳамкор ташкилот) – ассоциациялашган аъзо сифатида иштирок этиши тўлиқ маъқулланди.

Ўзбекистоннинг EURАMETда иштирок этишининг асосий аҳамияти, аввало, Европа метрология тармоғига тўғридан-тўғри кириш имкониятини беради. Бу орқали, Ўзбекистон миллий метрология институти эндиликда EURАMETнинг расмий майдонларида, йиғилишлари ва лойиҳаларида тўлақонли қатнашади.
Халқаро нуфуз ва ишонч белгиси, Марказий Осиёда ягона ҳамкор сифатида Ўзбекистоннинг метрология соҳасидаги етакчи ўрни тасдиқланади. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон миллий эталонлари ва Европа мамлакатларининг эталонлари билан расмий равишда таққосланади ва SI тизимига тўлиқ кузатувчанликни таъминлайди.

Илмий-техник ҳамкорлик орқали EMPIR (Europian Partnership of Metrology) доирасида қўшма тадқиқотлар ва лойиҳаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлади. Европа давлатларидаги тренинглар, стажировкалар, малака ошириш дарслари билан кадрлар ўз билим ва кўникмаларини янада бойита олади. Юқори аниқликдаги ўлчашлар орқали эса, маҳаллий ишлаб чиқариш сифатини ошириш, экспортбоп маҳсулотларни сертификатлашда халқаро ишончга эришиш мумкин бўлади. Эндиликда, мамлакатимиз бутун Марказий Осиё номидан EURАMETда иштирок этади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА