Мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар сони 763 нафарга етди
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 763 нафарга етди.
Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 5 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 1 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан эълон қилинган маълумотга қараганда, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридан бўлса, қолган 3 нафари Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятидан. Улардан 2 нафари Москва – Тошкент йўналишида чартер рейс орқали келишган. Қолган 3 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 4 нафари эркак, 1 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 53 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 26 ёшда. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 70 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 75 нафарга етди.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайган 42 ёшли бемор (эркак) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 49 нафар бемор соғайган.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 763 нафарга етди.