Президент ташаббуслари – амалда
Кейинги олти-етти йилда мамлакатимизда олий таълим қамрови беш баробар ошди. Лекин яқин-яқингача ёшларимизнинг муҳандислик ва техникага қизиқиши унча юқори бўлмади. Бунга турли омиллар сабаб эди.
Давлатимиз раҳбари бу йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, келгусида юқори натижаларга эришиш учун муҳим ташаббусларни илгари сурди. Иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарурлигига масъулларнинг эътиборини қаратди.

Президент 2022 йилнинг 20 декабрида кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга Ўзбекистонда алоҳида муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши ҳақида таъкидлаган эди. Ушбу фикр давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида билдирилган муҳим ташаббуслардан бири бўлган ўшанда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда бундай тизим шу пайтгача бўлмаган. Бу ташаббус билан Ўзбекистонда янги замон инженерларини тайёрлаш тизими яратилишига киришилди десак муболаға бўлмайди.
Президентининг 2024 йил 2 февралдаги қарорига мувофиқ, муҳандислик-техника йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолияти такомиллаштирилди. Ўқув дастурлари замонавий технологиялар ва иш берувчилар талабига мувофиқлиги ўрганилиб, тубдан ўзгартирилмоқда.
Давлат раҳбари раислигида 2024 йил 20 июнида ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам шу йўналиш истиқболига бағишланди. Жумладан, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Ўшанда ҳар бир ҳудудда техника олийгоҳи ва илғор муҳандислик мактаблари ташкил қилиш вазифасини қўйган эди.
Бугунги кунда Президент топшириқлари ижроси доирасида шундай мактаблар ташкил этилмоқда. Ҳозиргача Термиз, Андижон ва Қаршида техника университетлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, саккизта муҳандислик мактаби иш бошлади. Уларда “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири бўйича иш олиб борилишига эътибор қаратилаётир.
– “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қошидаги “Қуюв-механика заводи”да Тошкент давлат транспорт университетининг муҳандислик мактабини очдик, – дейди мактаб раҳбари Нодиржон Турсунов. – Асосий йўналишимиз материалшунослик, металларга ишлов бериш ва конструкторлик асосларидир. Асосан уч тизимда фаолият олиб боряпмиз. Хусусан, олимлар, докторантлар ҳамда магистрантларимизнинг шу ерда ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Бакалавр йўналишидаги талабаларга дуал таълим олиш имкони жорий қилинган. Улар учун махсус ўқув майдонлари мавжуд. Шу ерда амалиёт олиб бориб, лойиҳаларини амалга оширмоқда. Муассасамизга энг замонавий жиҳоз ва ускуналар келтирилган. Улар таълим сифатига хизмат қилмоқда. Ўқиб-ўрганиш жараёнига йигирма бир нафар тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассис жалб этилган.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг муҳандислик мактаби ҳам ўз йўнилишида самарали фаолият олиб бораётган муассасалардан бири саналади.
Мактабда Европа давлатлари тажрибаси асосида йилига беш юз нафарга яқин муҳандис тайёрланади. Машғулот жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилмоқда.
Ўқув дастури Германиянинг нуфузли кончилик академияси ҳамда шу мамлакатнинг соҳадаги илғор компанияларининг таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Дарслар шунга мувофиқ, механика, металлургия, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, фойдали қазилмаларни бойитиш, энергетика йўналишлари бўйича замонавий ўқув-амалиёт ускуналари билан жиҳозланган ўқув майдонларида олиб борилади.
Дунёда барча соҳалар изчил тараққий этмоқда. Бундай рақобат шароитида мамлакатимиз ички ресурсларга таяниб, индустриал ривожланиш йўлидан илдам бораётгани эътиборга молик. Кейинги даврларда Ўзбекистонда йилига уч мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, катта ҳажмда иш ўринлари яратиляпти.
Бу жараёнда давлат томонидан илм-фан, таълим ва инновацияга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда мутахассислар тайёрлашга урғу берилаётгани қувонарли. Зеро, мамлакатда малакали муҳандисларнинг етарли бўлиши амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳаларнинг кутилган натижа беришини таъминлайдиган омиллардан бири саналади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири