Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан Шарқий ҳарбий округида маънавий-маърифий тадбирларга старт берилди.
Жойларда ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда куч тузилмалари вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остидаги тадбирлар Фарғона, Наманган, Андижон вилоятлари бўйлаб ташкил этилиб, миллий армиямизнинг салоҳияти, тарихини ўрганиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган.
[gallery-21094]
Хусусан, ҳарбий округнинг Фарғона ва Наманган гарнизонларидаги ҳарбий қисмдан йўлга чиққан ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари умумтаълим мактаблари, одамлар гавжум майдонларда бўлди. Ҳарбий оркестр ва фахрий қоровул чиқишлари юртдошларимиз томонидан олқишлар билан қарши олинди.
Карвонларнинг навбатдаги манзили Фарғона вилояти Риштон туманидаги 24-умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар билан миллий армиямиздаги ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор тўғрисида мазмунли ва самимий мулоқот ўтказилди. Тадбирнинг бадиий қисмида она Ватан, тинчликни ҳамда эзгуликни мадҳ этувчи тароналар янгради.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА